Жорий йилнинг 18 май куни соат 17:30 да Наманган вилоятининг Косонсой тумани “Ровот”, “Гузар”, “Боғ” “Сойбўйи”, “Хонқўрғон”, “Янгишаҳар”, “Янгийўл”, “Қозоқовул” ва “Булоқбоши” маҳаллалари ҳудудида кучли жалали ёмғир ёғиши натижасида 543 та ховли қисман сув остида қолган.

Маҳаллалар ҳудудидаги ирригация тизимлари кўп миқдордаги ёмғир сувларини сиғдира олмаганлиги сабабли пастроқда жойлашган хонадонларга сув кирган. Ижтимиоий соҳа объектларига сув кирмаган. Аҳолини кўчириш ишлари талаб этилмаган.

Сел оқимлари оқибатларини бартараф этиш мақсадида Косонсой тумани ҳокимиятида Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари, туман коммунал хизматлари ва бошқа тегишли идоралар вакилларидан иборат штаб ташкил этилиб, керакли куч ва воситалар, жумладан 42 та техника ва 240 киши сафарбар этилган. 

Жабрланганлар ҳақида маълумот тушмаган.