Юнусобод тумани пойтахтнинг деярли 300 минг аҳолисига эга бўлган саноатлашган қисми ҳисобланади. Туман дастлаб 1936 йил 26 августида Киров номи билан ташкил этилган. 1992 йил 8 майида Юнусобод номини олган. Ҳудудда 5300дан ортиқ корхона ва ташкилот фаолият юритади.
2017 йилнинг апрель ойида Юнусобод туманига Бахтиёр Ҳасанович Абдусаматов ҳоким этиб тайинланди. «Ҳоким билан бир кун» лойиҳаси доирасида Юнусобод тумани ҳокимининг бир кунига ҳамроҳлик қилдик.
Кунни эндигина қуриб битказилган «Хасанбой» маҳалла фуқаролар йиғини маркази биносини маҳалла оқсоқол ва фаолларига топшириш маросими билан бошладик. Айтиш керакки, маҳалла маркази замонавий талабларга жавоб берадиган талабда қурилган.

Бундан ташқари, қурилиши бошланган «Катта Хасанбой», «Ҳамкоробод» ва «Янги боғ» МФЙ марказларини кўздан кечирдик. Ҳоким мазкур марказларнинг қурилиши бўйича ўз тавсияларини берди. Камчиликларни бартараф этиш учун масъул шахсларга муддат тайинланди, болалар ўйингоҳи майдони кенгайтирилиши лозимлиги айтилди, биноларни сифатли қилиб қуриб битказиш масаласи муҳимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга «Обод маҳалла» лойиҳасига тушган «Боғи шамол» МФЙ кўздан кечирилди. У ерда тегишли ўринбосар ва ташкилот раҳбарларига вазифалар берилди. Касалланган дарахтларни кесиш, маҳалла ичидаги йўлакларни таъмирлаш, ариқларни очиб, сув оқадиган даражага келтириш, фуқаролар учун автотураргоҳ қуриш, болалар ўйингоҳини замонавий жиҳозлар билан безаш, ҳудудда ноқонуний қурилган биноларни бузиш, ўзбошимчалик билан ўтказилган кабелларни тартибга солиш, ҳудудда тозалик ишларини доимий тарзда олиб бориш, яроқсиз биноларни таъмирлаш ва бошқалар бу лойиҳага киритилгани айтилиб, барча фуқаролар огоҳлантирилиши зарурлиги таъкидланди.

Туман ҳудудида жойлашган 240- ва 246-мактабларга ташриф буюрдик. Таъмирлаш ишлари бошланган мактаб директорлари билан учрашдик. Улар ўз таклифларини айтишди. Таклифлар туман ҳокими ёрдамчиси томонидан ёзиб олинди. Улар тегишлилиги бўйича кўриб чиқилиши тушунтирилди.

Шу куни Марказ-5 ҳудудида болалар майдончаси қуришни режалаштираётган тадбиркор билан туман ҳокими сайёр учрашув ўтказди. Ҳоким албатта тегишли имкониятлар ҳокимият томонидан яратилишини маълум қилди.
9 май - Хотира ва қадрлаш байрами муносабати билан таъмирланган «Тошкент ботаника боғи»га ташриф буюрдик. Боғ ҳудудида 900 киши учун ёзилган байрам дастурхони кўздан кечирилди.

















