Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 1 декабрдаги ПФ-5270-сон фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 2 июнда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 417-сонли қарорида олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланди.
Ҳужжатга кўра, олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига нисбатан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталарининг таълим йўналишлари бўйича тақсимоти олий таълим муассасалари томонидан шакллантирилиб, бўйсунувига кўра вазирлик ва идоралар орқали ҳар йили Президентнинг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинганидан сўнг икки ҳафта муддатда Республика таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тақдим этилади.
Олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига нисбатан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча квоталарнинг таълим йўналишлари бўйича тақсимоти икки ҳафта муддатда Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади. Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш тоифасига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси (академик лицей, касб-ҳунар коллежи)ни тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга ҳамда I-ва II-гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган тартибда берилган шаклдаги маълумотномага эга I- ва II-гуруҳ ногиронлари, шунингдек ногирон ногиронлиги бўлган шахслар киради.
Таъкидлаш жоизки, низомда олий таълим муассасасининг қабул комиссияси томонидан кириш имтиҳонлари ўтказиладиган бино ва аудиторияларда ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратилиши белгилаб қўйилган. Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) натижаларига мувофиқ амалга оширилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган қўшимча квоталар асосида қабул қилинмаган абитуриентлар тўплаган баллари билан мазкур таълим йўналишида умумий тартибда танловда иштирок этади.
Олий таълим муассасаларига кўзи ожиз абитуриентларни қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

















