18:02 / 12.06.2018
3826

Миржалол Қосимов май ойининг энг яхши мураббийи бўлди

Фото: KUN.UZ

ПФЛ ҳамда Championat.asia нашри ҳамкорлигида ўтаётган ойнинг энг яхшиларини аниқлаш сўровномаси навбатдаги ғолиб номи аниқланди.

Бунгача “Навбаҳор” дарвозабони Ботирали Эргашев май ойининг энг яхши посбони сифатида тан олинган бўлса, Арслонмурод Омоновнинг “Локомотив” дарвозасига урган голи энг чиройлига айланганди. Энди эса “Бунёдкор” клуби устози Миржалол Қосимов ойнинг энг яхши мураббийи учун бериладиган эсдалик совринни қабул қилиб оладиган бўлди.

Миржалол Қосимов март ойида ҳам энг яхши бўлишга эришганди. У бугун ПФЛ совринини иккинчи марта олади. 

“Бунёдкор” устози май сўровномасида жами 50 очко тўплади ва “Пахтакор”даги ҳамкасби Шота Арвеладзени 4 очкога ортда қолдирди. Қизиқ томони, томонларнинг март ойида ўтган ўйинида Қосимов Арвеладзедан устун келганди. Май ойидаги такрорий ўйинда эса “Пахтакор”нинг қўли баланд келди. Бироқ шунда ҳам грузиялик мутахассис камроқ овоз тўплади. “Бунёдкор” Тошкент дербисида имкониятни бой бергани билан, ОКМК, “Сўғдиёна”, “Насаф” каби клублардан устун кела олди. 

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида “Бухоро” устози Улуғбек Бақоев энг яхши мураббий деб топилган эди.

Top