Ўзбекистонда «истеъмол саватчаси» ва «яшаш минимуми» тушунчаси жорий этилади, шунингдек, уларни ҳисоблаш мезонлари аниқлаштирилади. Бу 2018 йилги Давлат дастурида назарда тутилган. Ушбу ташаббусни 1 июлга қадар амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Ўзбекистонда истеъмол саватчасининг минимал миқдори ва яшаш минимумини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги лойиҳа эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, биринчидан, озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати ва уларни истеъмол қилишнинг кунлик ўртача минимал тиббий меъёрлари бугунги истеъмол даражасига мос келмайди.

Иккинчидан, минимал истеъмол саватчаси ва яшаш минимуми қиймати ҳамда таркиби ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича аниқ ва шаффоф механизм йўқ. Учинчидан, ҳисоб-китоб қилишнинг методологияси йўқ. Тўртинчидан эса, аҳолининг айрим қатламлари пенсия, нафақа ва тўланадиган иш ҳақининг миқдоридан қониқмаяпти.

Шу муносабат билан вазирлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва тўлиқ ҳамда соғлом овқатланиш учун зарур бўлган кунлик ўртача минимал тиббий истеъмол нормалари рўйхатини тайёрлади.

Аҳоли бўйича озиқ-овқат маҳсулотларининг энг кам тўплами қийматини аниқлаш учун умумий аҳоли таркибидаги тегишли ижтимоий-демографик гуруҳ улуши ўртача баҳоланади.

Ижтимоий-демографик гуруҳларнинг олинган улушлари ушбу ижтимоий-демографик гуруҳ учун озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳисобланган қийматларига кўпайтирилади ва натижада олинган маҳсулотлар умумлаштирилади.

Асосий ижтимоий-демографик гуруҳлар (болалар, меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенсионерлар) учун бир суткалик озиқ-овқат маҳсулотлари қиймати озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолининг ўртача бир суткалик нормативини бир ойлик ўртача истеъмол нархлари ҳақидаги тегишли маълумотларга кўпайтириш йўли билан ҳисобланади.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг бир қисми уй хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилиши ва истеъмол қилинишини ҳисобга олган ҳолда, алоҳида озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича сотиб олиш нархи тегишли пасайиш коэффициентлари билан тўғриланади.

Аҳоли ва асосий ижтимоий-демографик гуруҳлар (болалар, меҳнатга лаёқатли аҳоли, нафақахўрлар) бўйича минимал истеъмол саватчаси нархи бир қатор озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар қийматини умумлаштириш билан аниқланади.

Мажбурий тўловлар ва яшаш минимуми ҳисоб-китоби учун йиғимлар бўйича баҳолаш қиймати аҳолининг умумий таркибида меҳнатга лаёқатли ёшдаги кишилар улушини акс эттирувчи коэффициент ёрдамида яшаш учун минимал ҳисоб-китобларни жамлаш билан белгиланади.