Жамият | 14:45 / 18.06.2018
13962
3 дақиқада ўқилади

Божхоначилар «реэкспорт» операцияси ортидаги муғомбирликни фош этишди

Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида республикамизга 17 минг 625 кг. ўсимлик ёғларининг ноқонуний олиб кирилишининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, айни шу товарлар аввал ҳам республикамизга «меҳмон» бўлган эди.

«Яқинда Туркиядан Андижонда фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор Х.Х. номига 22,2 минг кг. оғирликдаги салкам 24,5 минг литр ўсимлик ёғи келтирилади. Божхона ходимлари мазкур товарларнинг божхона тўловлари 92 млн. сўмни ташкил этишини маълум қилишгач, Х.Х. гўёки божхона тўловларини тўлаш имконияти йўқлигини баҳона қилиб, ушбу ўсимлик ёғини республикамиздан реэкспорт қилиш, яъни, соддароқ қилиб айтганда қайта олиб чиқиб кетишга қарор қилади.

Шу тариқа, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, ўсимлик ёғи вилоятдаги «Дўстлик» чегара-божхона пости орқали қўшни давлатга олиб чиқиб кетилади», дейилади хабарда.

Кейинроқ Олтинкўл туманида фуқаро К.Ғ. бошқарувидаги юк машинаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда тўхтатилиб текширилганда, унда фуқаро Р.Д.га тегишли 18 литрлик 540 дона идишларга қадоқланган 9720 литр ўсимлик ёғи олиб кетилаётганлиги аниқланади. Аммо, уларнинг сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқ эди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу юк машинасига товарлар ортилган манзил суриштирилганида, бу Андижон туманида жойлашган
цемент омборларидан бири бўлиб чиқди. Омбордаги целлофан пакетлар остига ҳам айни шу ёғдан яна 536та идишда 9648 литр «ғамлаб» яшириб қўйилгани маълум бўлади.

«Маълум бўлишича, ушбу ўсимлик ёғлари аслида якка тартибдаги тадбиркор Х.Х. томонидан республикамиздан олиб чиқиб кетилган ёғларнинг ўзгинаси экан. Бу гал божхона тўловларидан бўйин товлаш учун фуқаролар Х.Х ишончли ҳамкори Р.Д. билан келишган ҳолда «Дўстлик» чегара-божхона пости орқали ўтиб-қайтувчи фуқароларни ташмачиликка ёллаб, ушбу ёғни
майда-майда туркумларда олиб киришган экан. Тезкор тадбир натижасида, қиймати салкам 193 млн. сўмлик 17 минг 625 кг. ўсимлик ёғининг ноқонуний равишда олиб кирилиши олди олинди. Ҳозирда тадбиркорнинг божхона омборларида Туркиядан келтирилган бошқа партиядаги 20 минг 720 кг.даги ўсимлик ёғи вақтинча сақловда турибди. Хўш, тадбиркор ушбу ёғга тегишли божхона тўловларини тўлайдими ёки яна «реэкспорт» найрангини қўллашга уринадими? Буни энди вақт кўрсатади. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда», дейилади .

Мавзуга оид