Жамият | 09:40 / 25.06.2018
26664
2 дақиқада ўқилади

Автомобилни бошқариш учун зарур бўлган ҳужжатларни соддалаштириш таклиф этилди

Фото: KUN.UZ

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида автомобилларни бошқариш учун зарур бўлган ҳужжатларни соддалаштириш тизимини йўлга қўйиш ҳақида петиция пайдо бўлди

“Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомобилларни бошқариш учун қуйидаги ҳужжатлар зарур бўлади: 

1) автомобилнинг техник паспорти; 

2) ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талон (талон фақат эски кўринишдаги гувоҳномалар учун);

3) мажбурий суғурта полиси. 

Шунингдек, агарда автомобилга СТГ (газ) ўрнатилган бўлса, унинг ҳужжати, автомобиль бошқа бир фуқарога тегишли бўлса - ишончнома, автомобиль юридик шахсга тегишли бўлса, малака оширилганлиги тўғрисида - сертификат, агарда автомобиль ҳайдовчининг турмуш ўртоғига тегишли бўлса, никоҳ гувоҳномаси, автомобиль юридик шахсга тегишли бўлса, йўлланма қоғози (путёвка) ёки ишончнома”, - дейилади мурожаатда.

Ҳайдовчилар ЙҲХБ ходимлари уларни тўхтатганда ушбу ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Энди бир ўйлаб кўрайлик, XXI аср янги технология ва инновациялар ривожланган пайтда қандай қилиб, бир автомобиль учун шунча ҳужжат зарур бўлиши мумкин.

“Таклифимиз, автомобиль техник паспорти орқа тарафига махсус QR-код чоп этилсин. ЙҲХБ ходимлари хизмат вазифаси пайтида ҳайдовчиларни тўхтатганда фақат техник паспорт ва янги шаклдаги (талонсиз) ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилсин. Махсус қурилма орқали ушбу QR-код текширилганда юқорида келтирилган барча ҳужжатлар ва автомобилга тегишли олдинги қоидабузарликлар учун қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ва бошқа маълумотлар тақдим этилсин. Автомобиль тўғрисидаги барча маълумотлар аниқ бир базада сақлансин. Суғурта полиси ва ишончнома аввалги кучида қолади. “Фаол тадбиркорлик, инновациялар ва юқори технологияларни қўллаб-қувватлаш” йилида мазкур тизим яратилса, ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчиликларга барҳам бериларди”, - дейилган мурожаат матнида.

Мавзуга оид