Бош прокуратура баёноти: Таҳқирланган аёл ИИБнинг бир неча ходими устидан шикоят қилган
Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаровга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан расмий маълумот берди.
«2018 йил 22 июнь куни фуқаро Н.Т. ариза билан мурожаат қилиб, 03.06.2018 йилда Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров ва бошқалар уни шаҳар ИИБ биносида ҳақорат қилиб, ечинтиришга мажбур қилишганлигини билдирган.
Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, 03.06.2018 йил соат 10:00 ларда фуқаро Н.Т. Каттақўрғон шаҳрининг «Деҳқон бозори»да бўлган вақтида шаҳар ИИБ ходимлари уни ўғрилик қилганликда гумон қилиб, шаҳар ИИБ маъмурий биносига олиб келишганлиги аниқланган. Шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров унга ўғрилик қилиш мақсадида бозорга келганлигини айтиб, уни ҳақорат қилган. Сўнг ИИБ маъмурий биносининг коридорида Н.Т. нинг эгнидаги барча кийимларини ечишга мажбур қилиб, бу ҳолатни ўзи видеотасвирга олган.
2018 йил 4 июль куни Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Каттакўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда С.Умаров ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, Каттақўрғон шаҳар ИИБда мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда», дейилади ахборотда.
4 июль куни «Озодлик» нашри Каттақўрғондаги воқеа видеосини тарқатди — унда Каттақўрғонда милиция ходими ўғирликда гумон қилинган бир аёлни қип-яланғоч ечинишга мажбур қилгани тасвирланганди. Ички ишлар ходими аёлни шу аҳволда кўчага ҳайдамоқчи бўлади ва бу жараённи видеога олади. Кейинроқ гумондор аёл қўйиб юборилган.
Бош прокуратурада ушбу жиноят инсон шаънига дахл қилишига урғу қаратилган.
«Бу кишини ғазаблантирувчи ҳолат. Мансаби ва ваколатидан қатъи назар бундай ишга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Мазкур иш бош прокурорнинг алоҳида назоратига олинган», — деган Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Сурайё Раҳмонова.
Мавзуга оид
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
23:51 / 27.10.2024
Бош прокуратура ОАВ вакилларини тасдиқланмаган ахборот тарқатишдан огоҳлантирди
15:34 / 24.10.2024
Саноат корхоналари чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатишни пайсалга солмоқда — Бош прокуратура
13:05 / 11.09.2024