2018 йил 30 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Жуда кўп баҳс-мунозаралар ва муҳокамалардан сўнг, солиқ концепцияси якуний кўринишга келди.
Унинг «асосий мақсади - солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш» экани қайд этилди. Бунинг натижасида «иқтисодиётни жадал ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилашга эришиш мумкинлиги» айтилди.
Амалдаги солиқ тизимида эса «солиқ тўловчилар томонидан ходимларнинг реал сонини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини яширишга олиб келувчи меҳнатга ҳақ тўлаш фонди солиқ ставкаларининг юқорилиги, янги концепция эса буни бартараф қилинишига олиб келиши» таъкидланди.
Хўш, янги солиқ тизимида ишчи ходимларнинг меҳнат ҳақи бўйича қандай ўзгаришлар юз беради? Соддароқ қилиб айтганда, ойлик маошимиз қисқарадими ёки кўпаядими? Бугун мана шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб:
1. Меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлар 12 фоиз миқдорида солиққа тортилади.
Яъни, барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз қилиб белгиланади. Шундан 0,1 фоиз шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади. Бунда, айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.
Айни пайтда, амал қилаётган тизим бўйича, жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлари қуйидаги тартибда - энг кам иш ҳақининг (ЭКИҲ) 1 баробаригача 0 фоиз, 1 баробаридан 5 баробаригача 7,5 фоиз, 5 баробаридан 10 баробаригача 16,5 фоиз, 10 баробаридан бошлаб 22,5 фоиз шкала бўйича солиққа тортилаяпти. Бунда даромад солиғининг 2 фоиз шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилмоқда. Эслатиб ўтамиз, ЭКИҲ бугунги кун ҳолатига 184 300 сўмга тенг.
Янги концепция бўйича жисмоний шахсларнинг даромади ҳеч қандай шкалаларга ажратилмайди ва қиймати қанча бўлишидан қатъий назар, 12 фоиз миқдорида солиққа тортилади. Бунда, даромад солиғининг 0,1 фоиз шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб-варақларига йўналтирилади.















