Amazon компанияси асосчиси ва раҳбари Жефф Безос бу йил расман дунёнинг энг бой кишиси, деб эътироф этилди.
Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, Жефф Безоснинг бойлиги 150 млрд доллардан ошган. Охирги марта бундай катта бойликка эга бўлган шахс XVI асрда яшаган Якоб Фуггер-кичкина ҳисобланади. Безос ўз пулларини рақобат иқтисодиёти доирасида ишлаб топган энг бой инсондир.

У 1994 йилда Cadabra компаниясига асос солган, бир йилдан сўнг Amazon деб номлаган пайтда унда ғоядан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Унинг офисида эшиклардан ясалган столлар турарди – унинг стол сотиб олгани пули йўқ эди. Иш шунгача етиб борганки, унинг компаниясига ёши бир жойга бориб қолган ота-онаси нафақаларини тикиб инвесторлик қилишган.
«Афсусларни камайтириш стратегияси»
Cadabra/Amazon компаниясини яратиш ғояси ҳам жуда оддий эди. IT-муҳитдан чиққан Безос 1994 йил майда интернетдан фойдаланишнинг ўсишини ўлчайдиган сайтга киради. Бир йил ичида йиллик ўсиш 2300 фоизни ташкил этганини кўрган тадбиркор бу соҳада савдолар ҳам тез ўсишини тахмин қилади.
У тажриба сифатида почта орқали маҳсулот сотишни синаб кўради. Ўша пайтларда энг оқсоқ соҳа китоб савдоси эди. Эҳтимолий харидорларга таклиф қилиш учун катта-катта каталогларни юборишга тўғри келарди. Безос интернет-савдони айнан рақобат йўқ жойдан бошлашга қарор қилди – бу борада китоблар энг яхши қарор эди. Қалин китоблар каталогини почта орқали жўнатиш қимматга тушарди, аммо интернетда жойлаштириш сув текин эди.

Сўнгра Безос бу услубни Amazon кириб борган барча соҳаларда қўллади. Унинг компанияси устувор бўлиши мумкин бўлган йўналишни излаб топарди.
Amazon бошқа компаниялардан бозор танлаш ва уни забт этиш услуби билан фарқ қиларди. Унинг ривожланиш стратегияси буткул бошқача эди. Гап Безос ўйлаб топган regret-minimization framework ҳақида бормоқда.
«Афсусларни камайтириш стратегияси» бўлажак миллиардерга бизнесни йирик маблағсиз йўлга қўйиш имконини берди. У бизнесдан олинган пулни уни янада ривожлантиришга сарфлади. Безоснинг компанияси илк чораклик даромадга 2001 йилда эришди – 5 млн доллар даромад кўрди. Amazon 2003 йилда – иш бошлаганидан деярли ўн йил ўтгач йиллик даромад кўрди. Бунинг устига, Amazon мунтазам равишда фойда кўрмаган, бир неча йил зарарга ишлаган (худди шу стратегияни кейинроқ Илон Маск Tesla билан боғлиқ вазиятда қўллаган). Аввалига ялпи даромад бошқа маҳсулотлар сотувини ташкиллаштиришга сарфланди. Кейин эса пуллар Amazon булутли сервисини ривожлантиришга йўналтирилди.
















