Жамият | 00:22 / 27.07.2018
27348
4 дақиқада ўқилади

Озодликка чиққан фуқароларга ёрдам берган киши ​ «Ҳаж» сафарига навбатсиз​ отланди

Фото: Getty Images

Озодликдан маҳрум этилган фуқароларни ижтимоий ҳаётга мослашиши ва иш билан таъминланишида кўмак бераётган ҳамюртимиз «​Ҳаж»​ сафарига навбатсиз бориши маълум қилинди. 

ЎзА хабарига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ишга жойлашишда ёки янги тадбиркорлик фаолиятини бошлашда уларга молиявий ёрдам кўрсатган шахсларга Ҳажга навбатсиз боришда ёрдам кўрсатилиши белгиланган эди. 

Ана шундай юртдошларимиздан бири қамоқ жазосини ўтаб қайтган икки нафар фуқарога молиявий ёрдам кўрсатди. 

Юнусобод тумани, «Юнусобод» маҳалласида истиқомат қилувчи Н. Ҳ.га тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун дастлаб 15 миллион сўм миқдорида маблағ зарур эди. Шунингдек, Учтепа тумани, «Хуршид» маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳ. А. сартарошлик касбини давом эттириш мақсадида зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 3 миллион сўм маблағда ёрдам беришни сўраган. 

Мазкур вазиятдан хабар топган бир ҳамюртимиз (исми сир қолиши илтимос қилинган) ўз хоҳиши ва ташаббуси билан уларга ёрдам кўрсатди. 

«Ҳамюртларимиз орасида савобли ишларга бош қўшадиган инсонлар кўп. Вақтида турли сабаблар билан адашиб ёт оқимларга қўшилиб қолган фуқаролар бугун афв этилиб ёки жазо муддатларини ўтаб ижтимоий ҳаётга қайтмоқда. Улар ижтимоий ҳаётимиздан чеккада қолиб кетишлари керак эмас. Уларга ҳаётда ўз йўлларини топишда, ишга жойлашишда ёрдам кўрсатиш аслида барчамизнинг вазифамиздир», дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов. 

Маълумот учун, 2017-2018 йилларда диний экстремистик гуруҳларга алоқадор бўлган (159-модда) ва назорат рўйхатига олинган 2273 нафар шахс тўлиқ реабилитация қилиниб, махсус рўйхатдан чиқарилган. Шу жумладан, 17-20 йил мобайнида озодликдан маҳрум бўлган 181 нафар фуқаро ўз оиласи бағрига қайтган.

Бугунги кунда «Ҳаж» тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш ҳукуматнинг 2017 йил 7 июндаги қарори билан тасдиқланган «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом билан тартибга солинади.

«Ҳаж»га боришга навбатга қўйиладиган номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

номзод моддий ва жисмоний жиҳатдан «Ҳаж» тадбирига қодир бўлиши;

«Ҳаж» амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши;

номзод маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши;

оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши;
йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хайрия тадбирларида иштирок этиши.

Бундан ташқари «Ҳаж»га бормоқчи бўлган фуқаро:

«Ҳаж»га илгари бормаган бўлиши;
вояга етган бўлиши;

45 ёшгача бўлган аёллар учун маҳрамлари (эри, отаси, ўғли, акаси, укаси ва ҳ.к.)нинг ҳам бирга бориши ҳамда маҳрам эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома) нусхаси тақдим этиши лозим.

Аввалроқ, Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи 81 ёшли Зебунисо она Аҳмедова ҳаж зиёрати учун йиллар давомида жамғарган 50 миллион сўмдан ортиқ маблағига ўзи яшаётган Янгиобод маҳалласи аҳолиси учун тоза ичимлик суви чиқартириб бергани ҳақида ёзилганди.

Мавзуга оид