KUN.UZ таҳририяти юртимиздаги ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулот ва хизматларни хорижий давлатларга экспорт қилаётган корхоналар ва тадбиркорларга ёрдам бериш мақсадида янги иқтисодий лойиҳага асос солганидан хабарингиз бор.

Экспорт бўйича мутахассис, иқтисод фанлари номзоди «Alimkhan Exim Group» ташқи савдо ва консалтинг компанияси асосчиси Акмалхон Олимхонов билан биргаликда маҳсулотлар экспортига бағишланган махсус видео лавҳаларимиз бериб борилмоқда.

Олдинги мавзуларимиз экспортга тайёргарлик ва харидор излашга қаратилган эди. Энди навбат — ўша изланишлар натижасида топилган чет эллик харидорлар билан музокаралар олиб боришга бағишланади.
 

Харидор сизнинг маҳсулотларингизга қизиқиши билан, алоқага чиқади ва у билан музокаралар бошланади. Бунда сизнинг экспортчи сифатида, шартнома тузишгача бўлган ҳар бир босқичда ўзингизнинг ташаббусингиз жуда муҳим роль ўйнайди. Бунга таклифларни юборишингиздан то шартномагача бўлган барча хатти-ҳаракатлар киради.

Музокараларни иложи бўлса ўзингиз ёки ишончли вакилингиз давом эттирсин. Музокаралар турли алоқа воситалари билан амалга ошади:

• Электрон почта орқали (ёзишмалар);

• Телефон орқали

• Интернет алоқа воситалари орқали (Skype, Viber, Imo, Watsapp, WeChat, Google Talk, Facebook messenger ва ҳоказолар);

• ва юзма-юз учрашувлар орқали.