Ўзбекистон | 18:33 / 06.08.2018
14408
2 дақиқада ўқилади

Машиналарни ҳам қўриқлаш хизматига топшириш мумкин

Фото: KUN.UZ

Тез орада автотранспорт воситаларини ҳам қўриқлаш хизматига топшириш имконияти пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи Бекмурод Абдуллаев Kun.uz'га маълум қилди. 

Абдуллаевнинг таъкидлашича, айни пайтда автотранспорт воситасини қўриқлаш учун ишлаб чиқарилган махсус техникалар иккита машинада синовдан ўтказилмоқда. 

«Барчаси муваффақиятли якунланиши билан тегишли тартибда ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланади ва аҳолига янги хизмат тақдим этилади. Айтиш жоизки, автомобилни қўриқлаш хизматига топшириш унинг эгасига машинани кафолатли ва хавфсиз сақланишига сабаб бўлади», дейди у. 

Бекмурод Абдуллаевнинг айтишича, айни пайтда ушбу хизмат учун тўлов миқдори ва шартнома талаблари белгиланмаган.

Маълум қилинишича, автомобиль ўғриси машинадан бирор буюм ёки қисмни ўғирлашга улгурмасдан, ички ишлар қўриқлаш хизмати ходимлари воқеа жойига 3-5 дақиқада етиб келишга қодир. 

«Бундан ташқари, машинанинг ҳаракатланиш йўлини мунтазам кузатиш мумкин. Автомобиль эгасининг талаби билан уни масофадан туриб ўчириб қўйиш имконияти ҳам мавжуд», дейди бошлиқ. 

Қўриқлаш хизмати ички ишлар идораларининг энг йирик бўлимларидан бири бўлиб, моддий-товар бойликларини ҳимоя қилиш хизматини қуйидаги турларда амалга оширади: 

- техник қўриқлаш;

- милиция постлари орқали қўриқлаш;

- қўриқлаш милиция йўналишлари орқали қўриқлаш;

- ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари орқали қўриқлаш;

- қоровул бўлинмалари орқали қўриқлаш.

Маълумот учун, хизмат томонидан 2018 йилнинг 7 ойи давомида 26953та халқ хўжалиги объекти ва 12104та фуқаролар хонадони қўриқланиб келинмоқда.  Сўнгги 6 йил давомида хонадон қўриғи нархи бир ой учун 17 минг сўмдан оширилмаган.

Мавзуга оид