Ўзбекистон | 11:03 / 07.08.2018
21024
3 дақиқада ўқилади

Эксперт: Раҳмон ва Мирзиёев Ўзбекистоннинг Роғун ГЭС қурилишида иштирок этиши ҳақида келишиб олиши мумкин

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Ўзбекистоннинг Роғун ГЭС қурилиши иккинчи босқичидаги иштироки тўғрисида келишиб олишлари мумкин.

Тожикистон Сиёсатшунослар миллий уюшмаси раиси Абдуғаний Мамадазимов «АП»га берган интервьюсида шундай деди.

Абдуғаний Мамадазимов
Фото: DW/Г.Фасхутдинов

«Тошкент Роғун ГЭС қурилиши учун 300-500 миллион АҚШ долларига тенг маблағни ажратиши мумкин. Ўзбекистоннинг Тожикистон гидроэнергетикаси гиганти қурилишидаги молиявий иштироки ўнлаб йиллар мобайнида икки мамлакат ўртасида барқарор муносабатлар сақланиб қолишини кафолатлаши, ҳамда қўшни давлатнинг суғориш мавсумида муаммосиз ичимлик суви олиши кафолатига айланиши мумкин», - дея таъкидлаб ўтди Мамадазимов. 

Унинг сўзларига кўра, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти бўлгач, икки қўшни давлат раҳбарлари Тожикистон-Ўзбекистон муносабатларида қўлдан чиқарилган барча нарсага эришмоқчи.

«Мирзиёевнинг Душанбега илк давлат ташрифи якунлари бўйича 27та муҳим битим имзоланди. Имомали Раҳмоннинг Тошкентга давлат ташрифи пайтида ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида бундан кам бўлмаган миқдорда ҳужжатлар имзоланади. Бу икки давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларда қўлдан чиқарилган имкониятларга эришиш борасида жиддий бел боғлаганидан далолат беради», - дея ҳисоблайди сиёсатшунос. 

Унинг ишонч билдиришича, Раҳмоннинг 17-18 август кунлари Ўзбекистонга режалаштирилган ташрифи якунларига, Тошкент худди Москва, Пекин, Остона ва Ашхобод билан бўлгани каби Душанбенинг стратегик ҳамкорига айланади.

«Ўйлайманки, Афғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон бу мамлакатдан келаётган таҳдид даражасини жуда яхши тушунади, шунинг учун Мирзиёев ва Раҳмон томонидан имзоланадиган асосий ҳужжатлардан бирига хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи айланади», - дея таъкидлаб ўтди эксперт.

Бундан ташқари, Мамадазимовнинг фикрича, Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Марказий Осиёдаги минтақавий муаммоларни ҳал этиш бўйича ягона позицияни мувофиқлаштириб олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи вақтида ташқи тажовузга қарши бирга курашиш бўйича битим имзоланиши кутилаётгани хабар берилганди. 

Мавзуга оид