Wired нашриёти Amazon’нинг Mechanical Turk краудсорсинг платформасида пул ишлаб топишни бошлаган аёл ҳақида сўзлаб берди. Кўпроқ буюртмаларга эга бўлиш ва ишни тезроқ бажариш мақсадида у жараёнларни автоматлаштириб, кўпроқ пул ишлай бошлади.

Фото: Pixabay

2010 йилда Кристи Миллэнднинг турмуш ўртоғи ишидан айрилди ва аёл қўшимча даромад излашга мажбур бўлди. Илгари у уй бекаси эди ва eBay’да коллекция буюмлари савдосидан бироз пул топарди. Унда қаҳвахона ёки заводларда ишлаш тажрибаси йўқ эди. Унга ҳатто McDonald’s’да ҳам рад жавобини беришди.

Она шаҳри Торонтода иш топиш қийин бўлгани сабаб Миллэнд Amazon’нинг Mechanical Turk краудсорсинг платформасида ишлаб кўришга қарор қилди.

Ҳар ойда 20 минг янги ҳайдовчини иш билан таъминлашини айтиб мақтанадиган Uber’дан фарқли равишда Amazon ўзининг Mechanical Turk майдончасини фаол иш билан таъминлаш жойи сифатида кўрсатмасди. Компания биринчи навбатда дастурчиларга ёрдам бериш учун сайт яратди. Платформадаги вазифаларнинг кўпчилиги сунъий онгни ўргатиш учун зарур эди. Масалан, суратда нима акс эттирилганини ёзиш, контакт маълумот жадвалларини тўлдириш ва сайт учун маҳсулот тасвирланган маълумот тайёрлаш. Mechanical Turk ишчиларнинг хизматлари туфайли баъзи технологиялар ҳақиқий мўъжизанинг ўзгинаси: бир компания таом суратига қараб калорияларни ҳисоблайдиган илова ишлаб чиқди. Бироқ суратда тасвирланган овқатни краудсорсинг платформасидаги одамлар “танишади”.

Миллэнд даромадининг катта қисми бир вақтнинг ўзида юзлаб ва минглаб вазифа эълон қилган иш берувчилардан келарди. Ишни тезлаштириш учун Миллэнд тугмани бир босиш билан суратларни категорияларга ажратадиган (масалан, “с” тугмаси босилса, “сариқ” категориясига кетади, “қ” босилса – “қушлар”) махсус дастурларни ўрнатиб олди. Битта тасвирни маркировка қилиш учун 0,03 доллар, битта суратни 5 сонияда қайта ишлаш орқали соатига 21,60 доллар пул ишлаб топиш мумкин.

Баъзида Миллэнд мураккаброқ ишларни оларди. Масалан, маҳсулотни тасвирлаш учун маълумот  ўйлаб топишга ҳар бир параграф учун 1,50 доллар ишлаш мумкин эди. Агар битта тасвирий маълумот 5 дақиқада ўйлаб топилса, соатига 18 доллар ишлаб мумкин. Муҳими ишни тез ва доимий равишда бажариш лозим.

Фото: Pixabay

Mechanical Turk фойдаланувчилари Turker Nation форумида даромадли буюртмалар ҳақида бир-бирлари билан фикр алмашишади. Миллэнд бу форумнинг модератори эди. Фойдали таклифларни бой бермаслик учун ўзи учун автоматик тизимни яратди. Тизим буюртма тўлов ҳажмини текшириб, энг яхши таклифлар ҳақида хабар беради. Масалан, агар вазифа учун 0,05 доллар тўлашса, жарангдор овоз янграйди, агар 0,05 дан 0,25 долларгача бўлса, кир ювиш машинаси ювишни тамомлагандаги овозли хабар келади, агар буюртмачи 0,25 доллардан кўп таклиф қилса, сирена жаранглайди.