Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилоятидаги “Ўзбек – Туркман дўстлик уйи” ва “Улли ҳовли” мажмуаси бошқарув дирекциясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг таклифига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Хоразм вилояти маданият бошқармаси тизимида давлат муассасаси ҳисобланган “Ўзбек – Туркман дўстлик уйи” ва “Улли ҳовли” мажмуаси дирекцияси ташкил этилиши ва унинг бошқарув ходимларининг чекланган сони 9 нафардан иборат бўлган тузилмаси тасдиқланиши мумкин;

Урганч тумани, Ғойбу қишлоғи, Туркманлар маҳалласи ҳудудида жойлашган “Ўзбек – Туркман дўстлик уйи” мажмуасининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда дирекцияга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилади;

Урганч тумани, Ғойбу қишлоғи, Туркманлар маҳалласи ҳудудида жойлашган “Улли ҳовли” мажмуасининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда дирекцияга ижара ҳақининг “ноль” ставкасида, истисно тариқасида, ижарага бериш ҳуқуқи билан фойдаланишга берилади.

Қуйидагилар дирекциянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

мажмуанинг илмий концепциясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;
мажмуадаги объектларда турли йўналишлар ва мавзуларда маданий-маърифий, этнографик тадбирларни амалга ошириш, бадиий кўргазмалар ташкил этиш, бунда, турли даражадаги илмий анжуманлар, фестиваллар, танловлар, ярмаркалар, сайиллар ўтказиб бориш;
улар ҳақида нашр материалларини тайёрлаш ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этиш;
мажмуада икки халқ дўстлиги мавзусини, унинг дастлабки кўриниши ва ўша давр муҳитини акс эттирувчи доимий экспозиция-кўргазма яратиш;
мажмуа, қардош халқлар ҳақида батафсил маълумотлар базасини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш, шунга оид китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар каби бошқа манбаларни излаш, тўплаш, ўрганиш ва тарғиб этиш;
юқори технологияларга асосланган интернет тармоғи хизмати ҳамда ахборот-ресурс маркази фаолиятини самарали йўлга қўйиш;
ўрнатилган тартибда, мажмуанинг тарихий кўринишини сақлаган ва унга зарар етказмаган ҳолда ҳудудда зарур инфратузилмани шакллантириш, хизматлар хилма-хиллиги ва сифатини ошириш, бу ерда дам олиш ва мазмунли ҳордиқ чиқариш учун қулай шароитлар яратиш;