Жиззах вилояти Бахмал туманидаги «Ғаллакон» МФЙ, Удамали қишлоғидан Kun.uz таҳририятига қуйидаги мазмунда мурожаат келиб тушди:
«Қишлоғимиздаги 29-ўрта мактаб ҳолати қониқарсиз аҳволдалиги учун сизга ёрдам беришингиз учун мурожаат қиляпман. Мактаб 10-12 йил олдин қайта қурилган, лекин қизиғи — у 7 та ўқув хонасига эга, уларнинг ҳам бири компьютер хонаси. Ҳозир мактаблар 11 йиллик бўлгач, кўп ноқулайликлар келтириб чиқмоқда. Спорт зали бир неча йиллар олдин халқ томонидан ҳашар йўли билан қурилган, ҳозир авария ҳолатда бўлганлиги учун ишламайди. Устахона, овқатланиш хоналариям хароба аҳволда. Ҳозир мактаб 11 йиллик бўлгач, «Чақирувгача ёшларни тайёрлаш хонаси» талаб қилинади, лекин хона йўқ. Спорт жиҳозларини қўйишга жой йўқ. Илтимос, мазкур мавзу бўйича шу ишга масул бўлган туман халқ таълими бўлими вакилларини уйғотсангиз. Қишлоққа спорт зали, қўшимча синф хоналари, болалар овқатланиш жойлари қуриб берилишида ўз ёрдамингизни аямасангиз».
Биз таҳририят топшириғи билан Бахмал туманидаги Удамали қишлоғида жойлашган 29-умумтаълим мактабини бориб кўрдик. Айтиш жоизки, қишлоқни ўртасидан Сангзор дарёси ёриб ўтади. Қишлоқнинг ярим боласи нариги қирғоқдаги 28-мактабга боришар экан.


Кўриниб турибди, мактаб биноси янги, ҳали бинойидек, таътил вақтида ҳам яхши таъмирланган. Янги ўқув йилида ўқувчиларни қабул қилишга тахт қилиб қўйилган. Тан олиш керак, удамалилик педагоглар борини авайлаб, кўз қорачиғидек асраб юришибди.


Мактабга расман дам олиш куни деб эълон қилинган 22 август куни бордик, ёшлар иттифоқи етакчиси Азам Яхшибоевнинг бир ўзи мактабда навбатчилик қилаётган экан. Биз директор (Ботир Дўстбеков) ни қўнғироқ қилиб ҳам топа олмадик. Шундан сўнг маънавият ишлари бўйича директори ўринбосари Абдужалил Эгамбердиевдан мактабга оид маълумотлар олдик.
А.Эгамбердиевнинг ҳикоя қилиб беришича, мазкур мактабга 1974 йили 8 йиллик мактаб сифатида асос солинган. Кўп бинолар ўшанда қишлоқ аҳлининг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳашар йўли билан солинган. 1980 йилда мактаб 10 йиллик мактабга айлантирилади. Эски мактабда хоналар кўп бўлган, ҳаттоки дарслар бир сменада ташкил этилгани эслаб ўтилди.
2005 йили мактаб 180 ўринга мўлжаллаб, қайта қурилган. Шу вақтгача 1-9 синфлар 2 сменада бемалол таҳсил олиб келган.















