Бугунги кунда интернет инсонлар ҳаётидан шу даражада чуқур ўрин олдики, одамлар интернет билан ухлаб, интернет билан уйғонишяпти. Тасаввур қилинг, яқинларингиз билан ҳар куни Facebook орқали ҳол-аҳвол сўрашасиз, фикр алмашасиз. Ва кутилмаганда у очилмай қолди. Сайт ўрнига экранда оппоқ саҳифа нур сочиб турибди. help-wifi нашри ана шундай пайтда хусусий виртуал тармоқ – VPNдан фойдаланиш кераклигини билдирмоқда.

VPN қандай ишлайди

Компьютер ўзининг аниқ IP-манзилига эга бўлиб, у орқали маълум бир сайтлар блокланади. VPN технологияси дастур ёки кенгайтма орқали ишлайди. VPN компьютер манзилини бошқа мамлакат серверидаги манзилга ўзгартириб қўяди.
Сўнгра провайдер блоклай олмайдиган ҳимояланган уланиш тармоғи яратилади. Натижада интернетдаги кириш имкони бўлмаган сайтга кириш мумкин бўлади.
Барча технология иккита қатламда ишлайди. Қатламларнинг биринчиси ички, иккинчиси ташқи тармоқдан иборат бўлади. Мазкур технология орқали уланганда, тизим тармоқни идентификация қилади, сўнгра авторизация учун сўров юборади. Бу технология бирор ижтимоий тармоқда авторизациядан ўтишга ўхшаб кетади, фақат бу ҳимояланган протокол орқали ва провайдер иштирокисиз амалга оширилади.

Виртуал тармоқларнинг ўзи ҳам бир нечта тоифага бўлинади. Энг асосий тоифалаш ҳимояланиш даражаси бўйича, яъни пуллик ва бепул VPN’дан фойдаланиш қай даражада хавфсиз эканлиги бўйича аниқланади.

Улар ўртасидаги фарқ ҳимояланган уланишда. Масалан, пуллик тизимлар PPTP, IPSec каби ҳимояланган протоколлар тақдим этади. Бепул VPN эса кўпинча фақатгина «ишончли» каналларни беради. Яъни бунинг учун тармоқ кучли ҳимояланган бўлиши керак, VPN эса ҳимоя даражасини кучайтириб беради.

VPN технологияси фойдаланувчиларга қуйида имкониятларни тақдим этади:  
- маълумотлар ҳимояси. Бу айниқса, бепул Wi-Fi орқали интернетга уланиб, кейин банк картаси ҳақидаги маълумотлар ўғирланганидан бошини чангаллаб қоладиганлар учун фойдали.
- тўлиқ махфийлик. Фойдаланувчи бирор сайтга кирганида, унинг ҳаракати провайдер серверида акс этади ва провайдер унинг интернетдаги саёҳати ҳақида батафсил маълумотга эга бўлади. VPN орқали кирилганида эса бошқа IP-манзил кўрсатилгани учун фойдаланувчининг қандай сайтларга кирганини аниқлаб бўлмайди.
- хорижий ресурслардан фойдаланиш имконияти.