Ўзбекистон | 12:00 / 13.09.2018
20821
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко: «33 миллион аҳолига эга гигант мамлакатни тўғри йўлдан олиб боряпсиз»

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенко 12 сентябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. 

Ташриф доирасидаги асосий тадбирлар 13 сентябрь куни Кўксаройда расмий кутиб олиш маросими билан бошланди. 

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко аввал тор доирада музокара ўтказди.
 
Давлат раҳбари олий мартабали меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон билан Беларусь самимий дўст ва ишончли шерик эканини таъкидлади. 

– 2016 йил Самарқанддаги учрашувимизда давлатлараро муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга келишиб олгандик. Ўтган икки йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик халқларимизни қувонтирадиган даражага етди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2017 йил якунлари бўйича 60 фоиздан зиёд ўсди. Жорий йилнинг январь-июль ойларида эса қарийб 4 баробар ошди. Бундай натижалар ҳеч қачон бўлмаган. Бу ўзаро ҳамкорлик учун улкан салоҳият борлигидан, одамларимиз бир-бирини соғинганидан далолат беради. Мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Беларусь Президенти таклиф учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди.

– Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор, – деди Александр Лукашенко. – Ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда оқилона ўзгаришлар қилдингиз. 33 миллион аҳолига эга гигант мамлакатни тўғри йўлдан олиб боряпсиз. Қўшни давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамладингиз. Ушбу муваффақиятли сиёсий курс билан Сизни табриклайман. Биз яхши билган ва ўзаро манфаатли бўлган барча соҳаларда ҳамкорлик қилишга, тажриба алмашишга тайёрмиз.

Мавзуга оид