Ўзбекистон | 17:30 / 13.09.2018
10565
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Беларусь муносабатлари янги босқичга чиқди

Самарали музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Қўшма баёнотни имзолади.

Ташриф доирасида шерикликнинг устувор йўналишлари бўйича 19 ҳужжат имзоланди. 2019-2023 йилларда социал-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро шартнома ва уни амалга ошириш дастури улар орасида алоҳида аҳамиятга эгадир.

Бундан ташқари, куни кеча ўтган бизнес-форумда умумий қиймати 230 миллион доллардан ортиқ бўлган шартнома ва битимлар имзолангани таъкидланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда давлат раҳбарлари музокаралар очиқ ва ишонч руҳида ўтгани, натижалар шунга яраша мустаҳкам ва кенг кўламли бўлишини қайд этди.

Президент Шавкат Мирзиёев Беларусь Президентининг 24 йилдан кейинги ташрифи том маънода тарихий бўлгани, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитганини таъкидлади.

«Ташриф давомидаги муҳокамалар Ўзбекистон ва Беларуснинг кўп қиррали шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга интилишини тасдиқлади. Бу ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга кучли суръат бағишлаб, уни сифат жиҳатидан янги, янада юксак босқичга олиб чиқади», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирган президент матбуот хизмати.

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг расмий ташрифи давом этмоқда.

Мавзуга оид