Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва тубдан қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига риоя қилиш;
штатда олий юридик маълумотга эга бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;
меҳнат мигрантларини юбориш назарда тутилаётган мамлакатлар тилларини яхши биладиган камида бир нафар ходимнинг бўлиши;
фуқаролар мурожаат қилаётган ва уларга хизмат кўрсатилаётган жараёнларни ёзиб оладиган ҳамда ёзиб олинган маълумотларни уч ой мобайнида сақлайдиган видеокузатув тизими билан жиҳозланган бино ёки хонанинг бўлиши;
ариза берувчи рўйхатдан ўтказилган вақтда Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган энг кам иш ҳақининг камида беш минг баравари миқдорида шаклланган устав жамғармасига эга бўлиши;
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси депозит ҳисобрақамида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов амалга оширилган вақтдаги курси бўйича эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ариза берувчининг шаклланган устав жамғармаси маблағлари ҳисобидан захиралаш;
фуқароларни хорижда ишга жойлаштиришдан манфаатдор бўлган шахсларни танлаб олишда ҳар қандай турдаги камситиш тақиқланганига риоя этиш;
ишчи органга фаолият тўғрисидаги ҳисоботни ҳар ой тақдим этиш;
талабгорлар билан тузиладиган шартномаларни, шунингдек, талабгорлар ва хорижий иш берувчилар билан тузиладиган шартномаларни юритиш;
Ўзбекистон Республикасининг ва/ёки борадиган мамлакатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ноқонуний деб эътироф этилган фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси мсҳнат мигрантларини юбориш тақиқланганига риоя этиш.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишга доир лицензия талаблари ва шартлари лицензия битимида кўрсатилади,
Лицензияларни бериш, қайта расмийлаштириш, тўхтатиш, тугатиш ва бекор қилиш тўғрисидаги аризалар ишчи орган томонидан кўриб чиқилади.
















