2018 йилнинг 18 сентябрь куни соат 07:30ларда ИСУЗУ русумли автобус Когон туманидаги “Zelich oil” метан газ қуйиш шохобчасидан ёқилғи қуйиб, тахминан 700 метр масофа юрганидан сўнг, “Когон-Қоровулбозор” йўналишининг 201 км.да ҳаракатланиб кетаётганида газ баллони портлагани хабар қилинганди.

Натижада, автобусда йўловчи сифатида кетаётган 26 нафар фуқаролар жароҳатланиб, уларнинг 4 нафари ҳодиса жойида ва 1 нафари шифохонада  вафот этган, қолган 21 нафар йўловчиларнинг 5 нафари оғир, 7 нафари ўрта оғир ҳамда 9 нафари енгил аҳволда, 5 нафар оғир бемор Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига, қолганлари эса Когон шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам марказига ётқизилиб, уларга малакали шифокорлар томонидан  тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Бухоро вилояти ИИБнинг Kun.uz’га хабар беришича, ҳодиса жойига вилоят ҳокими Ўктам Барноев, вилоят прокурори Б.Валиев, вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Алиев, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Ф.Амонов, республика ДХХ Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Асроров, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи А.Аҳмедов, ЁХБ бошлиғи Ш.Хушназаров, вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчилари, вилоят ИИБ ЭКБ бошлиғи Л.Пулатов раҳбарлигидаги экспертлар, суд-тиббий эксперти, Республика ИИВ ЁХББ масъул ходимлари, Когон шаҳри, Когон, Вобкент ва Бухоро туман ҳокимлари, прокурорлари, ИИБ бошлиқлари, ушбу туман-шаҳар ИИБлари ҳамда Бухоро вилоят ИИБ тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқди.

Ҳодиса жойи видеокамера ҳамда бошқа илмий техника воситалари қўлланилган ҳолда “Саноатгеоконтехназорат” Бухоро минтақавий инспекцияси мутахассислари иштирокида кўздан кечирилди ва унинг схемаси тузилди ҳамда текшириш учун аҳамиятга молик бўлган ашёлар олинди.

Вафот этган шахслар: 

1.Эргашева Фотима Ахроровна, 1974 йилда Вобкент туманида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, оилали, вақтинча ишсиз, Вобкент тумани, “Пушмон” МФЙ “Хайрабодча” қишлоғида яшаган.

2.Жумаева Нилуфар Абдуллаевна, 17.01.1984 йилда Вобкент туманида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, оилали 2 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз, Вобкент тумани, “Пушмон” МФЙ “Хайрабодча” қишлоғида яшаган.

3.Жумаева Ҳилола Файзуллаевна, 03.08.1982 йил Вобкент туманида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, оилали 3 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз, Вобкент тумани, “Пушмон” МФЙ, “Хайрабодча” қишлоғида яшаган.

4.Садуллаева Робия Ғайбуллаевна, 17.05.1986 йил Вобкент туманида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, оилали 2 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз, Вобкент тумани, “Пушмон” МФЙ, “Пушмон” қишлоғида яшаган.