Жаҳон | 07:54 / 18.09.2018
36917
2 дақиқада ўқилади

Сўғд раҳбари ўз туғилган кунида далага чиқиб, 75 кг пахта терди

Фото: Сўғд вилояти ҳокимияти

Тожикистоннинг Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода ўтган якшанба куни, ўз туғилган кунида пахта теримчисига айланди: у пахта даласига чиқиб, қўлда 75 килограмм пахта терди.

16 сентябр, якшанба куни Сўғд давлат ҳокимияти органининг 300дан ортиқ ходими ҳам унинг кетидан далага чиқдилар: улар деҳқонларга йиғим-теримда ёрдам бериш учун далага чиқишган.

Вилоят раиси матбуот хизматининг хабар беришича, шу куни Сўғд маъмурияти ходимлари Жаббор Расулов туманидаги «Сирдарё» деҳқон хўжалигида 8,5 тоннадан зиёд «оқ олтин»ни теришган.

«Шанба куни, фуқаролар қабул қилинганидан кейин, раис пахта даласида эди, якшанба куни ҳам у бошқа ишчилар билан бирга пахта терди. Бир кун давомида у 75 килограмм пахта теришга муваффақ бўлди», - дея таъкидлаб ўтди Сўғд вилояти раисининг матбуот котиби Музаффар Юнусов. 

Фото: Сўғд вилояти ҳокимияти

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада сабзавот етиштирувчи фермерларни пахта теримига мажбурий жалб этишнинг олди олингани хабар берилганди.

Фарғона вилояти, Учкўприк тумани ҳокимлигининг Қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси С.Шукруллаев пахта терими муносабати билан туман ҳудудидаги сабзавот етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларига ҳар гектар ер майдони учун бир нафардан теримчи топиб бериш шартини қўйгани аниқланган. 

Мавзуга оид