14:06 / 19.09.2018
4695

Ўзбекистон ва Афғонистон дўстлик жамиятини ташкил этди

Фото: KUN.UZ

18 сентябрь куни “Ўзбекистон-Афғонистон“ дўстлик жамияти ташкил этилди, деб хабар берди ЎзА. Шу муносабат билан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларида янги давр” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. 

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида маданий-маърифий, иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, делегациялараро тажриба алмашишни йўлга қўйиш тадбирнинг бош мавзуси бўлди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Эргашев, Афғонистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сайид Шаҳобиддин Тимурий, “Ўзбекистон-Афғонистон” дўстлик жамияти раиси, Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори Абдураҳим Маннонов, олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Қатнашчилар Афғонистонда 40 йилдан ортиқ вақтдан бери нотинч вазият ҳукм сураётганини, Ўзбекистон дунё эътиборини ушбу жараёнга қаратиб, қўшни диёрда тинчликка эришиш орқали минтақада барқарор тараққиётга эришиш борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келаётганини қайд этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, ташкил қилинган “Ўзбекистон-Афғонистон” дўстлик жамияти халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш имконини беради.

Top