Ўзбекистон | 13:22 / 20.09.2018
6760
3 дақиқада ўқилади

Ташқи савдо вазири: «​Янги транспорт коридорлари учун давлатлар қонунчиликни ўзаро уйғунлаштириши зарур​»​

Фото: Халқаро пресс-клуб

20 сентябрь куни Тошкентда «Марказий Осиё транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар» мавзусида транспорт коммуникациялари соҳасида биринчи халқаро конференция бошланди.

Ушбу тадбир соҳа тармоқлари раҳбарларини, шунингдек, Марказий Осиё ва хорижий мамлакатларнинг амалиётчилари мутахассисларини анжуманга жалб этган ҳолда темир йўл транспорти, автомобиль транспорти ва авиаташув бўйича муҳим масалаларни ҳал этишга ёрдам беради.

Иштирокчилар орасида 37та мамлакатдан 300дан ортиқ хорижий меҳмонлар ташриф буюришган: Латвия, Люксембург, Молдова, Покистон, Полша, Россия, Сингапур, Австрия, Озарбойжон, Афғонистон, Белорусь, Белгия, Буюк Британия, Германия, Грузия, Миср, Ҳиндистон, БАА, Эрон, Испания, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Корея Республикаси, АҚШ, Тожикистон, Таиланд, Туркманистон, Туркия, Украина, Франция, Швейцария ва Япония мамлакатлари ва бошқалар.

«​Бу мулоқот майдони қўшма ечимларга келиш, шунингдек чегарадаги товарларнинг асоссиз кутиши, чегараланган назорат-ўтказиш пунктларидаги бошқа кўплаб масалалар бўйича умумий фикрга келиш учун имконият яратади. Мисол учун, Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш, янги транспорт коридорларини ташкил этиш, минтақадаги давлатларда бу соҳага оид маҳаллий қонунчиликни ўзаро уйғунлаштириш зарур. Умид қиламизки, томонлар Осиё ва Европани боғловчи транспорт коридорлари яхлит тизимини яратиш, рақобатбардош транзитни таъминлаш мақсадида юк ташиш бўйича содда ва қулай механизмини ташкил этиш бўйича бир фикрга келишади. Транспорт ва коммуникациялар соҳасида Марказий Осиё давлатлари олдида турган вазифаларнинг кенг кўламини ҳисобга олган ҳолда, ушбу масалаларни биргалашиб, давлатлараро даражада ҳал этиш лозим»​, дейди Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев.

Конференция мавжуд ва янги транзит йўллари инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ҳуқуқий ва техник масалалар бўйича давлат ва хусусий сектор вакиллари мулоқоти, шунингдек инвесторлар, донорлар ва бенефициарлар ўртасида координация масалаларини ҳал этиш учун майдон бўлиб хизмат қилади.

Конференция якунида Марказий Осиё минтақасида транспорт соҳасини ривожлантиришга доир коммуникациялар ва бир қатор протоколларни қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид