Бугунга келиб Марказий Осиё минтақасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни тўғри бошқаришга катта эътибор қаратилаётгани сир эмас. "Муаммони ҳал қилгандан кўра унинг олдини олган яхши" деганларидек, ҳозир бу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлашга алоҳида диққат қилинмоқда. Шу боис ушбу йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалар билан сизларни таништириб боришга қарор қилдик.
Марказий Осиёнинг беш мамлакати - Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон билан бир қаторда Афғонистонни ҳам ўз ичига қамраб олган Smart Waters умумий қиймати 10,5 миллион долларни ташкил қилувчи лойиҳадир. У USAID томонидан қўллаб-қувватланади, лойиҳага 2015 йилнинг октябрида старт берилган бўлиб, у 2020 йилнинг сентябрь ойи охирига қадар давом этади.
Сув, таълим ва ҳамкорлик - Smart Waters лойиҳаси моҳиятини тўлиқ ифодалайди. Smart Waters тўрт катта компонентдан иборат бўлиб, улар бир-бирини тўлдириб туради. Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ)нинг Smart Waters лойиҳаси менежери Екатерина Стрикелева KUN.UZ'га лойиҳа компонентлари ҳақида сўзлаб берди.

Биринчи компонент - минтақавий компонент. Улар сув масалалари билан шуғулланувчи ва шунга боғлиқ йўналишлар (атроф-муҳит муҳофазаси, фавқулодда вазиятлар)да фаолият юритувчи ёш авлод мутахассисларининг салоҳиятини оширишни ўз ичига олади. Бу сув ресурсларини интеграцияли бошқаришга йўналтирилган тренинглар, техник тренинглар (суғориш технологиялари, сув ресурсларидан фойдаланишни мониторинг қилиш), Қозоғистон-Германия университетидаги магистрлик дастурининг қўллаб-қувватланиши орқали амалга оширилади. Ушбу таълим даргоҳида сув ресурсларини интеграцияли бошқариш бўйича махсус минтақавий магистрлик дастури мавжуд.
"Smart Waters" лойиҳаси тўрт йилдан бери ҳар йили ҳар бир мамлакатдан иккитадан вакилни ҳам молиявий, ҳам мавзуий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келади. Бироқ Smart'нинг Қозоғистон-Германия университети ўқув дастурларидан ажралиб турувчи асосий жиҳати, биз давлат тузилмалари томонидан магистрлик дастурларини ўрганишга тавсия этилган иштирокчиларни олиб келамиз. Улар ўз ватанига қайтиб, тавсия этилган идораларида камида уч йил ишлаб беришлари керак бўлади. Дастур интеграцияли бошқарувга доир глобал қамров билан таъминлайди - фанлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, сувнинг бошқа секторлар билан боғлиқлиги сув ресурсларини бошқаришдаги жаҳон тенденцияларига янада кенгроқ қараш имконини беради. Мазкур магистрлик дастурини тугаллаган кишилар уйларига мутлақо янгича қарашлар билан қайтишади", - дейди мутахассис.


















