10:00 / 28.09.2018
8087

Сенат мажлисининг иккинчи кунида қайси масалалар кўриб чиқилиши маълум қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.

Kun.uz мухбири 28 сентябрь кунги мажлис кун тартибига қўйилган масалалар ҳақида хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети харажатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги, «Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ва Навоий вилоятининг Конимех тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонунларни кўриб чиқиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Сенат мажлисида қишлоқ хўжалигида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш ҳамда мазкур соҳадаги бандлик масалалари юзасидан бош вазир ўринбосари - Молия вазири Жамшид Қўчқоровга парламент сўрови юбориш ҳақида қарор кўриб чиқилади. Ушбу мажлисда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 2017-2021 йилларда Ўзбекистон аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг ижроси тўғрисида ахборот бериши режалаштирилган.

Шунингдек, Бухоро вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ҳам тингланади.

Top