Жамият | 17:07 / 29.09.2018
109932
3 дақиқада ўқилади

Маҳалла раиси ухлаб ётган одамни ўлдириб, мурдасини дарёга оқизиб юборди (видео)

Самарқанд шаҳар ИИБга 2017 йил 17 июль куни Самарқанд шаҳар Учқудуқ маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Дарғом каналидан шахси номаълум эркак кишининг жасади топилгани ҳақида хабар қилишди. Зудлик билан тергов-суриштирув гуруҳи воқеа жойига етиб борди. Суд тиббий-экспертизаси тайинланди, деб ёзмоқда ЎзА.

35-40 ёшлардаги шахси номаълум эркак мурдаси чириш ҳолатдалиги ва сувда кўп қолиб кетганлиги аниқланган. Унинг танаси, пешона, чап қош, энса, тепа соҳалари эзилган, калла-суяк соҳалари синган. Ўлим сабаби дея бошига берилган жиддий зарбалар тасдиқланди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг куч ва воситалари ушбу жиноятни очишга сафарбар этилди. ИИБ ходимлари, аввало, марҳумнинг шахсини аниқлаш, сўнгра унинг ўлими сабабларини суриштиришга киришди. Ушбу жараён давом этаётган пайтда Самарқанд шаҳрида эгасиз қолдириб кетилган автомашина топилди. Бу мудҳиш жиноят калавасининг учини топишга ёрдам берди. 30 Т 265 ВА рақамли “Нексия“ Ургут туманидаги Бешкон маҳалласида яшовчи Дилмурод Бобомуродовга тегишли экани ва у айнан Дарғом каналидан топилган марҳум экани маълум бўлди.

Тезкор қидирув ва суриштирув ишларидан жиноят тафсилотлари ва бу мудҳиш қотилликка қўл урган шахслар аниқланди. Воқеа машина топилган Самарқанд шаҳрида эмас, Ургут туманининг Тароқли маҳалласида содир бўлган экан.

“Тароқли“ маҳалла фуқаролар йиғини раиси О.Одилов шу маҳаллада яшовчи Л.Дўсановадан 2015 йилда 1000 доллар миқдорида қарз олади. Аммо қарзни вақтида қайтара олмайди. Кунларнинг бирида Л.Дўсанова маҳалла раисига қўнғироқ қилиб, фуқаро Д.Бобомуродов уни доимий равишда ҳақоратлаб, хўрлаб келаётганини айтади. Шундан сўнг икковлон Д.Бобомуродовдан ўч олишни режалаштиради ва бу иш амалга ошса, Л.Дўсанова маҳалла раисининг қарзидан воз кечишини билдиради.

Ушбу шарт О.Одиловга ҳам маъқул тушади ва у Л.Дўсанованинг хонадонида Д.Бобомуродовнинг мастлигидан фойдаланиб, унинг бошига болта билан уриб, ўлдиради. Жиноий шериклар – О.Одилов ва Л.Дўсанова жиноят изини яшириш ва муқаррар жазодан қутулиб қолиш мақсадида Д.Бобомуродовнинг жасадини кўрпача ва гиламга ўраган ҳолда марҳумга тегишли бўлган “Нексия“нинг юкхонасига ортади. Сўнгра жасадни Тайлоқ туманининг Давлатобод қишлоғидан оқиб ўтувчи Дарғом каналига ташлаб юборади. Эртаси куни эса машинани Самарқанд шаҳрига олиб бориб, ўша ерда қолдириб келишади.

2017 йилнинг июль ойи бошларида содир бўлган мазкур жиноят унинг ижрочилари ўйлаганидек изсиз кетмади.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг ҳукмига кўра Л. Дўсанова ва О. Одилов турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид