Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистонда сув мавзуси ва у билан боғлиқ муаммоларга тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда. KUN.UZ мухбири атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланишга доир Марказий Осиё Етакчилик дастури (МОЕД) доирасида тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
МОЕДда Ўзбекистоннинг Сув масалалари бўйича хабардорликни ошириш Миллий лойиҳаси (UzWaterAware)га UzWaterAware менежери ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) сув ташаббуслари дастури мутахассиси Жусипбек Казбеков бошчилик қилди.

Фойдали тавсиялар форматида ўтган UzWaterAware лойиҳаси тақдимотини лойиҳа PR-эксперти Резида Эрдман олиб борди ва у Етакчилик дастури иштирокчиларини жуда қизиқтириб қолди. Тақдимот лойиҳанинг рамзий қаҳрамонлари - Ҳасан (сувни эъзозловчи) ва Ҳусан (сув қадрига етиш ҳақида етарлича билимга эга бўлмаган)нинг иллюстрациялари орқали етказилди.
Эрдманнинг таъкидлашича, биз кучли ахборот шовқини, янгиликлар оқими даврида яшаймиз ва шу боис экологлар юзлаб бошқа ҳодисалар орасида ажралиб туриш ҳамда ўз лойиҳаларига эътибор жалб қилиш учун аудитория билан боғланишнинг зарур нуқталарини топишлари муҳим.


"Бизнинг мақсадимиз - оммавий ахборот воситалари орқали одамларнинг сув муаммоларидан хабардорлигини ошириш. Масалан, сув билан боғлиқ муаммолар кузатилмайдиган шаҳарларда ҳамма ҳам унинг қадрига етавермайди. Шу боис биз сувдан оқилона фойдаланишга эътибор қаратишга ҳаракат қиламиз. Қишлоқ жойларда эса айнан сувни тўғри тақсимлашга диққатни қаратиш муҳим, зеро бу ҳудудларда сув билан боғлиқ муаммолар мавжуд ва одамлар буни яхши билишади", - дейди Резида Эрдман.

У ўз тақдимотида экологик муаммоларни ҳал қилишда ОАВнинг ролига урғу берди. Жумладан, Эрдман KUN.UZ жамоасининг сув муаммолари, хусусан Андижондаги ичимлик суви исроф қилинаётгани билан боғлиқ муаммо кўтарилган мақоласини мисол сифатида келтирди.
Андижонда тоза сув исрофини ким тўхтатади?

















