Ўзбекистон | 15:47 / 17.10.2018
26528
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Россиянинг қатор олийгоҳлари филиаллари очилиши кутилмоқда

Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида бўлиб ўтаётган форум икки мамлакатнинг таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга ва охир-оқибат давлатлараро муносабатларнинг чуқурлашуви йўлида хизмат қилишга йўналтирилган.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг KUN.UZ мухбирига хабар беришича, 18-19 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Россия таълим форуми сессиялари доирасида умумий ҳисобда 127та келишув имзоланиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳрида Россиянинг етакчи олийгоҳларидан бири Москва давлат халқаро муносабатлар институти ("МГИМО") филиалини ташкил қилиш, Тошкент кимё-технология институти базасида эса Россиянинг Д.И.Менделеев номидаги кимё-технология университети филиалини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Форум доирасида шунга доир ҳужжатлар имзоланади. 

Москва давлат халқаро муносабатлар институти
Фото: Getty Images

Шунингдек, таълим форуми давомида "МИФИ" миллий тадқиқот ядровий университети, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ўртасида уч томонлама шартнома имзоланади. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Россия пойтахтлари ҳамда вилоятларидаги қатор университетлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатишга доир кўплаб битимлар имзоланиши кутилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари ташаббуси билан Ўзбекистон-Россия таълим форуми бўлиб ўтади. Форумда икки мамлакат президент маъмуриятлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Россия Федерацияси таълим ва илм-фан вазири ҳамда икки давлат олийгоҳларининг 80 дан ортиқ ректори иштирок этади. 

Мавзуга оид