Владимир Путин “Валдай” мунозаралар клубида иштирок этиб, экспертлар саволларига жавоб қайтарди. Қуйида унинг айрим жавоблари билан танишишингиз мумкин.

Керчдаги фожиа ҳақида

Путин Керчдаги коллежда содир бўлган фожиа глобаллашув натижаси эканлигини айтди.

“Ижтимоий тармоқларда, интернетда тўлақонли жамиятлар тузилганини кўриб турибмиз, ҳаммаси Қўшма Штатлардаги мактаблардаги фожиали воқеалардан бошланган”, — деди Россия президенти.

У интернетда ёшлар учун керакли маълумотлар жудаям камлигини ва шунинг учун унинг ўрнини салбий нарсалар эгаллаганлигини қайд этди.

“Руҳияти барқарор бўлмаган ёшлар қандайдир сохта қаҳрамонларга тақлид қилишмоқда, бу эса барчамиз, нафақат Россияда, балки бутун дунёда ўзгаришларга етарлича эътибор бермаётганлигимиздан далолат беради”, — таъкидлади Путин.

Ядро қуроли ҳақида

Путин ядро қуролининг қўлланилиши бутунжаҳон фалокатига тенг эканлигини ва Россия бунинг ташаббускори бўлмаслигини таъкидлади.

“Бу вазиятда бизга қарши ядро қуроли қўлланилишини кутамиз”, — қайд этди Россия президенти.

Унинг сўзларига кўра, Москва фақатгина унинг ҳудудига ядровий зарба берилганида ядро қуролидан фойдаланади.

“Биз Россия ҳудудига ҳужум бўлганига ишонч ҳосил қилганимизда, бу эса бир неча сония ичида аниқ бўлади, жавоб зарбасини берамиз. Бу биз томонга келаётган зарба учун тажовузкорга жавоб бўлади”, — таъкидлади Путин.

У Россияга қарши ким ядровий қурол ишлатадиган бўлса “тажовузкор қасосдан қочиб қутулолмаслигини, у йўқ қилиб юборилишини билиши лозимлигини” айтди.

“Биз, тажовуз қурбонлари жаннатга тушамиз, улар эса тавба қилишга ҳам улгурмасдан ўлиб кетишади”, — қўшиб қўйди Россия президенти.

Трамп билан муносабатлар ҳақида

Путиндан АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашуви таассуротлари ҳақида ҳам сўрашди.

У музокараларни йўққа чиқаришга уринишларга қарамасдан, учрашув ижобий ўтганини қайд этди.

“У ерда нималар содир бўлаётганини кўриб турибмиз. Бир-бири билан тўхтовсиз талашиб-тортишишдан кўра ўзаро мулоқот қилган маъқул”, — деди Путин.