18-19 октябрь кунлари Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи бўлиб ўтади. Ташриф доирасида қатор ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.
«Кейинги ҳафтада Ўзбекистонга амалга ошириладиган ташриф давомида Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказамиз. Музокаралар якунларига кўра, ҳукуматлараро ва тижорий ҳужжатлар пакети имзоланади», деганди Владимир Путин элчилардан ишонч ёрлиқлари қабул қилиб олиш маросими чоғида.

Россия президенти Ўзбекистон Россиянинг стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси эканини қайд этган ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техник, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама алоқалар ривожланиб бораётганлигини эътироф этганди.
Олий даражадаги музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, 2019-2024 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2019-2021 йилларда маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик дастури, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш тўғрисидаги келишув, «Суффа» халқаро радиоастрономик обсерваториясини ташкил этиш бўйича «Йўл харитаси» ва бошқа муҳим икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.
Шунингдек, Путин Мирзиёев билан биргаликда икки мамлакат ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик форумида иштирок этишни, шунингдек, «Росатом» томонидан Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишига старт беришни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, давлат раҳбарлари мунтазамлик касб этган сиёсий мулоқотнинг давоми сифатида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ҳолати юзасидан фикр алмашади. Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, турли соҳаларда янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф кун тартибидан долзарб халқаро масалалар, жумладан, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнига кўмаклашиш масалалари ҳам ўрин олган.
Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг қатор етакчи олий таълим муассасалари ташаббуси билан илк маротаба “Ўзбекистон-Россия таълим форуми” ўтказилмоқда.














