Спорт | 10:37 / 23.10.2018
16746
2 дақиқада ўқилади

Роналдудан «Реал»даги инқироз ва зўравонликда айбланаётгани ҳақида сўрашди

Фото: Getty Images

«Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналдудан ЕЧЛ доирасидаги «МЮ»га қарши баҳс олдидан ўтказилган матбуот анжуманида «Реал»даги собиқ жамоадоши Исконинг фикрларига муносабат билдиришни сўрашди.

«Қироллик клуби» яримҳимоячиси Иско душанба куни берган интерьвюсида: «Биз инқирозга ечимни клуб ташқарисидан изламоқчи эмасмиз. Бу ерда ўйнашни истамайдиганлар учун йиғлаб ўтира олмаймиз», - дея таъкидлаган эди.

«Ҳаммаси жойида. Менинг кетганим учун кўз ёш тўкиш ярамайди.

«Реал Мадрид»даги фаолиятим қандай кечгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳозир муҳими эртанги ўйин. Бошқаларнинг инқирози ҳақида фикр билдириш менга тўғри келмайди», - деган ҳужумчининг сўзларини келтириб ўтди Mundo Deportivo.

Португалиялик футболчи қарийб бир ойдан буён америкалик аёл Кэтрин Майорга томонидан жинсий зўравонликда айбланиб келмоқда. Айблов ҳақидаги хабарлар тарқала бошлаганидан бери Роналду кеча илк марта журналистлар қаршисида пайдо бўлди.

«Бу вазиятда ёлғон сўзлаш ниятим йўқ. Бахтли ҳаёт кечиряпман. Ҳуқуқшуносларимнинг ишончи комил, шу жумладан, ўзимнинг ҳам. Энг муҳими шундаки, мен футболдан, ўз ҳаётимдан завқ олиб яшамоқдаман. Бундан ташқари, мен ҳақимда қайғурадиган инсонлар бор. Ҳақиқат, албатта, юзага чиқади», - дея таъкидлаб ўтди Криштиану Роналду.

Мавзуга оид