Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов вилоятдаги футбол мутасаддилари ҳамда «Динамо» профессионал футбол клуби раҳбарияти ва футболчилари билан учрашганида «Рақобатбардош футбол жамоаси барпо этиш учун катта пул керак бўлади. Аммо биз маҳаллий истеъдодлардан иборат жамоани туза олсак, пул ҳам иқтисод бўлади, жамоа ҳам чиройли ўйин кўрсатади», деб айтган эди.
Вилоятдаги профессионал футбол клублари «Динамо» ва «Шердор»га ҳам, республика ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига ҳам потенциал номзод етказиб берувчи, ёш футболчиларни тарбияловчи маскан — Самарқанд вилоят болалар-ўсмирлар футбол академиясидир.
2018 йил 26 августда собиқ футбол мактаб-интернати ўрнида иш бошлаган академиянинг аҳволи қандай, уларга барча шароитлар яратилганми, ҳамма нарса етарлими? Сайт ижодий гуруҳи шу каби саволларга жавоб излаш учун Самарқанд вилоят болалар-ўсмирлар футбол академиясида бўлиб қайтди.

— Гарчи ўқув йилига 10 кун қолганда академиямиз очилган бўлса ҳам, биз август ойи мобайнида вилоятдаги болалар ичидан истеъдодли футболчиларни саралаб олдик, — дейди академия директори Владимир Гуршумов. — Айни пайтда академиямизда ёшига қараб 7та гуруҳда 22 нафардан, жами 154 нафар бола тарбияланмоқда. Уларга 19 нафар мураббий футбол сир-асрорларини ўргатиб келишмоқда.

Қайд этиб ўтиш жоизки, ҳудудларда футбол академиялари, жумладан, Самарқандда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги «Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3610-сонли қарори ва мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги «Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги 410-сонли қарори асосида ташкил этилди.
Олдинга ўтиб айтишим керакки, собиқ ихтисослаштирилган футбол мактаб-интернатининг эскирган биноси, замонавий футбол академияси талабларига мутлақо жавоб бермайди. Самарқанддан ҳам вилоят, қолаверса, республика довруғини дунёга таратадиган футболчилар чиқишини истар эканмиз, барча замонавий шароитларга эга, янгидан барпо этилган академия зарур.




























