Ўзбекистон | 13:57 / 15.11.2018
33717
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат вазирлиги Андижон вилояти ҳокимининг ҳашар бўйича қарорига муносабат билдирди

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг жорий йилнинг ноябрь ва декабрь ойларини вилоятда «маънавият ойи» деб эълон қилгани ҳақидаги қарорига муносабат билдирди.

Ҳокимнинг тегишли буйруғига мувофиқ, шу йилнинг ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Андижон вилоятида хайрия ҳашарини ўтказиш режалаштирилмоқда.

«Kun.uz» сайтида нашр этилган «Маънавият ҳашари». Андижон вилоятида ҳукумат қарорига зид тарзда «навбатдан ташқари ҳашар» эълон қилинди» сарлавҳали мақолада ҳашар муносабати билан ҳудуддаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимларининг бир кунлик маоши ихтиёрий асосда вилоят ҳокимиятининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилиши бўйича топшириқ берилганига эътибор қаратилганди.

Вазирлик муносабатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сон қарорига мувофиқ, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар қандай шартларга қатъий риоя этилган ҳолда ташкил этилиши ва ўтказилиши эслатиб ўтилган.

Унга кўра, умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда, шунингдек ҳашарлар унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади.

«Ҳашарлар доирасида барча бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилади», дейилади баёнотда.

Андижон вилояти ҳокимига Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг вилояти ҳокимининг 7 ноябрдаги 207-Ф сонли буйруғини қонунчиликка мувофиқлаштириш тўғрисидаги кўрсатмаси юборилган.

Унда ҳашарни ўтказиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сон қарори ва амалдаги қонунчилик талабларига амал қилиш зарурлигини инобатга олиш талаби қўйилган.

Вилоят ҳокимлиги ўн кун муддатда кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига тақдим этиши керак бўлади.

Меҳнат вазирлиги меҳнатга мажбурий жалб қилиш ҳолатлари кузатилганда мурожаат қилиш учун вазирликнинг +998 71 200 06 02 рақамлари ва @mehnathuquqbot телеграм бот ишонч тармоқлари фаолият кўрсатаётганини эслатиб ўтган.

Мавзуга оид