6 декабрь куни Наманган вилоятининг айрим ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли кучли гумбурлаш овозини эшитишди. Бу овозни вилоят ҳудудида бўлган Kun.uz мухбири ҳам, Наманган шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Ҳусанбой Алиев ҳам, «Мингбулоқнефт» Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси бош муҳандиси Исроил Улуғханов ҳам эшитишди.

Шу куни ижтимоий тармоқларда турли ваҳимали хабарлар тарқалди. Дастлабки хабарларда ҳудуддаги газ қуйиш шохобчаларидан бири портлагани айтилди.

Аммо овоз Наманган шаҳри, Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Уйчи ва Чортоқ туманларида ҳам эшитилганди.

Дастлаб, телеграмдаги Daryo — LIVE канали Наманганда қандайдир гумбурлаган овоз (портлаш) тарқалгани, одамлар ваҳимадалиги ҳақида хабар тарқатди.

Kun.uz ўз манбаларига асосланган ҳолда бу овоз Мингбулоқ тумани ҳудудида нефть конидаги геологик қидирув ишлари билан боғлиқ экани ҳақида хабар берди.

Наманган шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Ҳусанбой Алиев ҳам «Мингбулоқ» конига бориб, гумбурлаш овозлари Мингбулоқда нефт қидириш ишлари билан боғлиқ эканини аниқлаган.

«Автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидаги нархлар борасида доимий мониторинг юритаётганимиз учун бу хабарга ойдинлик киритиш қийинчилик туғдирмади. Мингбулоқ туманида бурғилаш ишлари олиб борилаётган ҳудудда портлаш рўй бергани ҳақидаги тахминимиз тўғри чиқди. Ишчи гуруҳ билан биргаликда ушбу туманга бориб, воқеа жойини кузатиш натижасида ҳақиқатан ҳам нефт сизиб чиққани аниқланди. Мутасаддилар суҳбат давомида мазкур ҳудуддан нефт чиққанини тасдиқлаб, тегишли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Бироқ ҳозир қанча миқдорда нефть чиққани ва кўлами ҳақида расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади», — дея унинг сўзларини келтирди Turon24 агентлиги.

Туман ҳокимлиги қабулхонасидаги исмини очиқлашни истамаган манба ҳам бу маълумотни тасдиқлаган ва мазкур ҳолат туманнинг Чордона маҳалласи ҳудудида рўй берганини билдирган.