Жаҳон | 17:05 / 14.12.2018
45608
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон автосаноати йирик инвесторни жалб қилди. У Ўзбекистонга минтақавий рақобатчи бўлмоқчи

Фото: Forbes.kz

Хитойнинг Genertec (China General Technology Group) ширкатига кирувчи СМС (China National Machinery IMP. & EXP. CORP) автомобиллар импорти ва экспорти бўйича трансмиллий давлат компанияси Қозоғистондаги йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи - «СариаркаАвтоПром» устидан назоратни қўлга киритди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири сайтида хабар берилган.

Фото: primeminister.kz

Қозоғистон бош вазири биринчи ўринбосари Асқар Маминнинг қайд этишича, бу Қозоғистон автомобилсозлик саноати учун стратегик лойиҳа, у саноатни ривожлантириш суръатлари ва ташқи бозорларга чиқиш учун экспорт салоҳиятини оширади.

Қўшма корхонани ривожлантириш доирасида ҳамкорлар саноатда ишлаб чиқариш ҳажмини 100 минг дона автомобилга ва маҳаллийлаштириш даражасини 50 фоизга етказишни режалаштирмоқда. Қўшма корхонага умумий инвестициялар миқдори тахминан 1,1 миллиард долларни ташкил этади.

2019-2021 йилларда ишлаб чиқаришни ривожлантириш стратегияси доирасида JAC, ANKAI, HOWO, HANTENG брендлари остида автомобиллар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон асосан Россия, Украина ва Қозоғистонга экспорт қилиши, янги инвестор эса Хитойга бор эътиборни қаратиш ниятида эканига қарамай, бу келишув, кутилишича, Қозоғистонга автомобиллар экспорти соҳасида Ўзбекистоннинг тўғридан-тўғри эмас, бироқ минтақавий рақобатчисига айланиш имконини бериши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзавтосаноат»нинг 2018 йил биринчи ярмидаги соф фойдаси маълум бўлганди.

Мавзуга оид