Ёлғизлик — глобал муаммо. Статистикага кўра, Япония аҳолисининг ярим миллионга яқини ижтимоий изоляциядан азият чекади, Буюк Британияда эса дунёдаги илк ёлғизлик масалалари бўйича вазир пайдо бўлди. Тадқиқотларга кўра, ёлғизлик соғлиғимизга жиддий таъсир кўрсатади. Жамиятдан сурункали изоляция кунига 15 дона сигарета чекиш каби зарарли.

Фото: Unsplash

“Шаҳарларнинг тузилиши ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаши ҳам, ёки уларга путур етказиши ҳам мумкин”, — дейилади Австралиянинг Grattan Institute таҳлилий агентлиги ҳисоботида.

Ахир ҳақиқатан ҳам — ичи одамлар билан лиқ тўла лифт кабинасида юзага келадиган ноқулай сукунатни бир эслаб кўринг. Ана энди ота-оналар доимий мулоқот қиладиган болалар майдончаси ҳақида ўйланг. Айрим жойлар табиий равишда одамлар ўртасидаги мулоқотни юзага келтирса, бошқаларида бу жиҳат мавжуд эмас.

Уинстон Черчилль биноларга биз шакл беришимиз, улар эса бизни шакллантиришини айтган эди. Айрим ҳолларда архитекторлар ўзлари истамаган ҳолда бизнинг руҳий ҳолатимизга салбий таъсир кўрсатадиган шаҳар ландшафтини яратишади.

Ёлғизлик муаммосини енгиш учун шаҳарлар тузилишини қандай ўзгартириш мумкин? Мельбурн дизайн мактаби талабалари қуйидаги ечимларни таклиф этишди.

Сўнгги марта темир йўл бекатида туриб, поездни кутганингизни эслаб кўринг. Вақт тезроқ ўтиши учун ҳамма усулларни қўллайсиз, бироқ атрофдаги одамлар билан суҳбатлашиш хаёлингизга ҳам келмайди. Диана Онг бекатларни “ижтимоий муносабат учун белгилар” билан жиҳозлашни таклиф этади. Мишель Карнау эса вагонларни “ҳиссий қабул қилиш кабинкалари”га айлантириб, у ерда галереяларни ўхшаган бирор нимани ўрганиш ва йўлда кетиш мобайнида бир-бирининг ҳикоясини тинглаш учун шароит яратиш керак деб ҳисоблайди. Йўл зерикарли бўлиши керак деб ким айтган?

Ёлғизлик билан курашишнинг яхши усулларидан бири уй ҳайвони боқиш. Бироқ унга ғамхўрлик қилиш учун ҳаммада ҳам етарли вақт бўлмайди. Цзи Е битта уй ҳайвонининг бир неча эгаси бўлишини таклиф этмоқда. Итни Puppy Society ёрдамида танлаш, кейин эса у билан мулоқот қилиш учун махсус маконга келиш.

Фото: Unsplash

Дениз Чан марказий Мельбурн кўчаларини ўрганиб, у ерда одамлар кўп бўлмаслигини кузатди. У кўчаларни боғлар, мутолаа учун махсус жойлар ва кўча мебели ёрдамида гавжумлаштириб, одамларни ана шундай жойларга кўпроқ ташриф буюришга ундамоқда.