Машъум номга эга янги илова Хитойда шиддат билан оммалашиб бормоқда, деб хабар берди BBC. Хитой тилида Sileme («Ўлдингми?») деб номланувчи дастур жуда содда тузилган. Тирик эканингизни тасдиқлаш учун ҳар икки кунда бир марта белги қўйиш - катта яшил тугмани босиш керак. Агар бундай қилинмаса, илова фавқулодда вазиятлар учун фойдаланувчи кўрсатган контакт билан боғланади ва фойдаланувчига бирор нарса юз берган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар беради.
Илова ўтган йил май ойида ишга туширилган эди, бироқ фақат сўнгги ҳафталарда оммалашди: уни Хитойдаги ёлғиз яшовчи одамлар оммавий равишда юклаб ола бошлади, натижада, энг кўп юклаб олинадиган пулли иловага айланди.

2030 йилга бориб, Хитойда якка ёлғиз одам яшайдиган уй хўжаликлари сони 200 миллионга етиши мумкин, деб ёзди Хитойнинг Global Times давлат нашри. Ўзини «хавфсизлик ҳамроҳи» деб атайдиган ушбу илова айнан шундай одамларга мўлжалланган: ёлғиз яшайдиган офис ходими, уйдан узоқда яшайдиган талаба ёки онгли равишда ёлғиз ҳаёт тарзини танлаган одам.
«Ҳаётининг ҳар қандай босқичида ёлғиз яшайдиган одамлар интровертлар, депрессияга чалинганлар, ишсизлар ва бошқа заиф аҳволдаги одамлар каби нимагадир муҳтож бўлади», деб ёзди Хитой ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
«Қўрқинчли томони шундаки, ёлғиз яшаётган одам ҳеч кимга сездирмасдан ўлиб қолиши мумкин ва ҳеч кимни ёрдамга чақира олмайди. Баъзан ўйлаб қоламан: ёлғиз ўлиб кетсам, жасадимни ким олиб кетади?», деб ёзди яна бири.
38 ёшли Уилсон Хоу оиласидан тахминан 100 км узоқликда яшайди ва айнан шу сабабли ушбу иловани юклаб олганини айтади. У пойтахт Пекинда ишлайди. Уйига, хотини ва фарзанди олдига ҳафтада икки марта қайтади, аммо ҳозир, унинг сўзларига кўра, лойиҳа устида ишлаётгани туфайли улардан узоқда бўлишга мажбур ва кўп вақтини иш жойида ўтказади.
«Агар менга бирор нарса бўлса, ижара уйда ёлғиз ўлиб кетишим мумкинлигидан хавотирдаман ва бу ҳақда ҳеч ким билмай қолади, - деди у. - Шунинг учун мен иловани юклаб олдим ва онамни фавқулодда контакт сифатида кўрсатдим».
Баъзилар ҳақиқатан ҳам иловани унчалик қувноқ бўлмаган номи учун танқид қилади ва унда рўйхатдан ўтиш бахтсизлик келтириши мумкинлигини айтади. Бошқалар эса номни ижобийроқ маънога ўзгартиришга чақиради. Ушбу илованинг муваффақияти қисман унинг ёрқин номи билан изоҳланса-да, Moonscape Technologies ишлаб чиқарувчиси танқидларни инобатга олганини ва номни ўзгартириш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди.







