Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш институти)нинг Тошкент филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ва Астрахан давлат техника университетининг (Россия Федерацияси) Қибрай шаҳрида (Тошкент вилояти) Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш институти)нинг филиалини таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

балиқчилик тармоғи эҳтиёжларини қондириш учун ишлаб чиқариш ва энг муҳим илмий-тадқиқот вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

аквакультурани ривожлантириш, табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан оқилона фойдаланиш, балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, шунингдек, балиқ етиштиришнинг илмий асосланган усуллари ва интенсив технологияларини жорий этиш, балиқларни парваришлаш, инкубациялаш, озиқлантириш, товар балиқ етиштириш, хориж технологияси асосида совуқ сувда яшовчи балиқларни иқлим шароитимизга мослаштиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

Россия Федерацияси Астрахан давлат техника университетининг бой тажрибасидан фойдаланган ҳолда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини амалга ошириш;

инновацион ва замонавий интенсив технологияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан қафас (садок) усулида, ёпиқ сув таъминоти қурилмаларида балиқ етиштириш, сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш;

ўқув режаси ва фан дастурларида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурс тежамкор илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш орқали битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;

замонавий технологияларга оид янги билим ва кўникмаларни чуқурлаштиришни ҳисобга олган ҳолда талабаларни ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этишда ҳамкорликни ривожлантириш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш.