Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 январь кунги «Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат матнини ЎзА келтириб ўтди.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 мартдан бошлаб Жиззах вилоятида «Илғор ҳудуд» синов лойиҳаси амалга оширилади.

Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилади:

норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш соҳасини таҳлил қилиш ва баҳолаш;

ҳудудни жадал ривожлантириш учун илғор қарорларни аниқлаш, шунингдек, республика ва ҳудудий ижро ҳокимияти органларининг жавобгарлик соҳасини аниқлаштириш;

ҳудуднинг стратегик мақсадлари, шунингдек, ҳудудий давлат бошқаруви органлари учун мақсадли кўрсаткичларни шакллантириш механизмларини ишлаб чиқиш;

ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш ва даромадларини ошириш;

таркибий ислоҳотлар ёрдамида инвестициявий муҳитни яхшилаш;

«Бир қишлоқ – битта маҳсулот» тамойили бўйича талаб юқори бўлган товарларни ишлаб чиқариш учун шарт-шароитларни жадаллик билан яратиш;

иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ва саноатнинг янги тармоқларини ривожлантириш, Жиззах вилоятида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ва хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шарт-шароитларни яратиш.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги синов лойиҳани тизимли ва самарали тайёрлаш ҳамда амалга ошириш учун масъул орган ҳисобланади.

Агентликнинг синов лойиҳани амалга ошириш доирасида қабул қилган қарори, бошқарув хусусиятидаги топшириқлардан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, хўжалик субъектлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, идоралар ва Жиззах вилояти ҳокимлигининг Агентлик билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлайди ҳамда синов лойиҳани амалга ошириш бўйича Агентликка юкланган вазифаларни бажаришда ҳар томонлама кўмаклашади.