9 январь куни Бухоро вилоятидаги Олот тумани ҳокими Шерали Саломов «Шуҳрат» фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматовни кўпчилик олдида уриб, дўппослаганди. 200 нафардан ортиқ фермер иштирокидаги йиғилиш вақтида у фермернинг ҳуқуқларини топтаб, фермерлик ҳисоб рақамидаги 25 миллион сўм маблағни бошқа мақсадларга йўналтиришга мажбурлаганди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га берган хабарга кўра, Олот тумани ҳокими ва фермер ўртасидаги можарога Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ҳам аралашган. У 15 январь куни Олот тумани фаоллари билан учрашган.

Кескин танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда Ўктам Барноев Олот тумани ҳокими Шерали Саломовнинг Ориф Дурматов шахсига нисбатан қилган хатти-ҳаракатини қаттиқ қоралаган.
«Вилоят ҳокими бу ишлар юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган «халқни рози қилиш» сиёсатига мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлади. Шунингдек, бу ҳолат, нафақат, туман ҳокими, балки вилоятдаги ҳар қандай раҳбарлар томонидан такрорланса, уларга нисбатан қаттиқ чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди», дейилади хабарда.
«Олотлик фермер Ориф Дурматов билан шахсан гаплашдим. Меҳнаткаш, ҳалол мард, танти, ғурурли йигит экан. Ҳоким билан юз берган ҳолатни тўғри тушуниб, мардларча ўзини тутди. Бундан буён бу фермер шахсан менинг эътиборимда бўлади. Бухорода адолатсизлик сиёсати бўлмайди. Юрт корида «лаббай» деб, сидқидилдан меҳнат қилиб, эл корига яраб турган бундай фермерларни қўллаб-қувватлаймиз.
Шу ўринда таъкидлаб ўтишим керакки, Олот тумани фермерлари 2018 йилда матонат билан меҳнат қилди. Туман пахта ва ғалла шартномаларини республика ва вилоятда биринчилардан бўлиб бажарди. Нафақат, қишлоқ хўжалигида, балки, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш борасида барча соҳаларда ҳам туманда самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, йўл ва кўприк қурилишлари, «Обод қишлоқ» ва «Yoshlar - kelajagimiz» дастурлари доирасида туманда муайян ишлар амалга оширилди. Бу ишлар 2019 йилда ҳам кўтаринки руҳда давом эттирилади»,- деган вилоят ҳокими Ўктам Барноев.









