2019 йил 17 январда Ўзбекистон президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга берилган шарҳда мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши қандай сабаб-омиллар билан боғлиқлиги, ҳужжатга асос бўлган муаммолар ва бу йўналишдаги ўзгаришлар қайси жиҳатларда намоён бўлиши батафсил изоҳлаб берилди.

Фармон муқаддимасида қайд этиб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси президенти номига кейинги икки йил мобайнида 2,5 миллиондан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани, Республика ишчи гуруҳлари томонидан уйма-уй юриш, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни ўрганиш натижасида яна 1,1 миллиондан ортиқ турли муаммолар аниқлангани жойларда ечимини кутаётган масалалар кўплигини, айримлари ўрта ва қуйи бўғиндаги ташкилотлар даражасида ҳал этилмаётганини кўрсатмоқда.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинганда бир қатор камчиликлар мавжуд экани маълум бўлди.

Аниқланган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва ҳал этишда Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Халқ қабулхоналари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг ягона механизми мавжуд эмаслиги барча бўғиннинг бутун бир организм каби ўзаро уйғун ишлашига имконият бермаяпти. Шу боис ҳам тегишли ижтимоий-иқтисодий дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар, жойларда аниқланган бошқа муаммолар етарли даражада акс эттирилмаяпти. Боз устига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уйма-уй юриш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга, зиммасига юклатилган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли бажаришга етарли эътибор қаратмаяпти.

Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда фармонга мувофиқ 2019 йил 1 февралдан бошлаб Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда, Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинмоқда.

Мазкур янги тизимнинг биринчи ўзига хос шундаки, бундан буён Халқ қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлайди ҳамда ҳал қилинишини таъминлайди. Яъни энди Халқ қабулхоналари мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирмайди, ўзи масъул бўлган ҳудудда мавжуд бўлган муаммоларни уйма-уй, объектма-объект юрган ҳолда аниқлайди.