Жамият | 12:20 / 22.01.2019
76329
5 дақиқада ўқилади

Жамшид Кенжаев иши. Айбланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди

21 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ўтган йилнинг августида тунги клубдаги пичоқбозлик вақтида ҳалок бўлган Жамшид Кенжаев иши бўйича суд жараёни бошланди. Kun.uz мухбири биринчи суд эшитувида иштирок этди.

Айбланувчи Шодали Қиличов айбловларга нисбатан қисман (Жиноят Кодексининг 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш») 2-қисмининг «в» ва «ж» бандлари) иқрорлигини билдирди. У ўзининг қўриқчилиги вақтида спиртли ичимлик таъсирида бўлган Жамшид Кенжаев қўлида пичоқ билан «Aurum 898» тунги клубига кирмоқчи бўлганида қўриқчилар томонидан тўхтатилгани, қўриқчилар унга нисбатан хушмуомала муносабатда бўлганга қарамай, пичоқ билан ташлангани, шундан сўнг қўриқчилар ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида унга қаршилик кўрсатишгани ҳақида кўрсатма берган.

Қиличовнинг сўзларига кўра, Кенжаев келганида қўриқчилардан бири Шерали Илясов унинг йўлидан чиққан ва унга ичкарига пичоқ билан кириш мумкин эмаслигини тушунтирган. Бироқ, Кенжаев ҳеч кимнинг сўзига қулоқ солмаган ва қўриқчиларга бўйсунмасдан, Қиличовнинг тоғаси ҳисобланган Илясовга пичоқ билан зарба берган. Қиличов ҳам бу вақтда ёнидаги пичоғини ишга солган.

«Биз тинчлик тарафдори эдик. Биз чекиндик. Бироқ, Жамшид пичоқ урган эди. Кейин тоғам кураш услубини қўллаб, уни ерга қулатди. Нима қилишни билмай қолгандик. Мақсадимиз уни зарарсизлантириш эди. Пичоқни ташламади. Ҳамма жой қон бўлиб кетди. Унга қандай қилиб пичоқ тиқиб олганимни билмай қолдим. Кейин ички ишлар ходимлари келишди. Жамшидга ёрдам кўрсатдик. Тез ёрдам 35 дақиқаларда етиб келди. Бизнинг ҳеч қандай адоватимиз ҳам, ўлдириш ниятимиз ҳам йўқ эди», деди Шодали Қиличов.

Шундан сўнг, айбланувчилардан яна бири Саидазим Камолдинов ҳам ўз кўрсатмаларини бериб ўтди.

«Аввало ҳаммадан узр сўрайман. Марҳумнинг оиласига таъзиямни изҳор этаман. Жойи жаннатда бўлсин. Олдиндан бу жойда ишлардим. Жамшид Кенжаев олдин ҳам келиб турар эди. Туғилган кунини ҳам нишонлаган. Ўшанда ҳам пичоғини чиқариб ўтирарди. Ҳеч ким ҳеч нарса дейишга ботинолмасди. Ўша куни ҳам машинада келди. Ҳамма билан саломлашди. Пичоғи кўриниб турарди. Шунда Шодали ака келди-да, «Кечирасиз, пичоғингизни ташлаб кетинг, қайтиб чиқишда қайтариб берамиз деди. Ёнида икки оғайниси бор эди. Кейин бошқа оғайнилари тушиб келишди. Тўполон бошланиб кетди. Мен ўртага чиқдим-да қўлимни кўтариб «керакмас» дедим. Мени айланиб ўтди-да, бориб пичоқ билан ташланди. Кейин уруш-тўполон бўлиб кетди. Менинг ёнимда ҳам пичоқ бор эди. Ўзимни ҳимоя қилиш учун олиб юрардим. Мен ҳам орқасига пичоқ урдим. Бу ўлдириш мақсадида эмас эди. Бошқа нарсаларни кўрмадим», дея кўрсатма берди Камолдинов.

Айбланувчи Алижон Хамраев ўзининг кўрсатмасида қуйидаги сўзларни айтиб ўтди: «Ишга кирганимга икки кун бўлган эди. Жамшид келган вақтида унга тушунтирмоқчи бўлдим. «Ўзинг спортчи бола экансан. Сен аралашма, эшикнинг олдидан қочгин», деди. Шерали ака тўхтатган эди, шапалоқ уриб юборди. Кейин айланиб келиб пичоқ урди. Ичкарига югуриб кириб стул олиб чиқдим. Чиққанимда ер қон бўлиб кетган экан. Шерали ака қўлидан пичоқни олиш кераклигини айтди, яна ичкарига қайтиб кириб бита (бейсбол таёғи) олиб чиқдим. Мен Жамшидни танимасдим. Кейин тез ёрдам чақиришди. Кейин ички ишлар ходимлари келди ва биз ички ишлар бўлимига кетдик. Жамшид Кенжаевнинг оиласидан кечирим сўрайман. Қилган ишимдан пушаймонман».

Судда қатнашган Жамшид Кенжаевнинг турмуш ўртоғига ҳам сўз берилди.

«Сизлар одамни ҳайвонларча ўлдирдинглар. Сизларнинг хизмат вазифангиз шундан иборатми? Бу ҳаммаси олдиндан тайёрланган», дея таъкидлади бева аёл.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Суд 23 январга қадар танаффус эълон қилган. Сайт мухбирлари кейинги суд эшитувларида ҳам иштирок этиб, жараён тафсилотларини етказиб боришади.

Мавзуга оид