Жорий йилнинг 21 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Жамшид Кенжаев иши бўйича суд жараёни бошланганди. Суд мажлисининг дастлабки кунида судланувчилар сўроқ қилинганидан сўнг, суд 23 январга қадар танаффус эълон қилганди.
Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Сарвар Каримов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари А. Нишонов ва М. Мирағзамовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилмоқда.

Судланувчилардан бири Шодали Қиличов (1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, «Aurum 898» тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в», «ж» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган. Шунингдек, Саидазим Камолдинов (1994 йилда Фарғона вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, «Aurum 898» тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган), Алижон Ҳамраев (1982 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, «Aurum 898» тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланган) ва Жаҳонгир Ёрқулов (1992 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, «Aurum 898» тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда.

Бугун, 23 январь куни суд жараёни давом эттирилди. Kun.uz мухбири хабар қилишича, бугун гувоҳлар сўроқ қилиш мақсадида чақирилди. Ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилгандан сўнг, уларга сўз берилди.
Суд мажлисида Ш. Турсунов, У. Ҳайитбоев, В. Смирнов, А. Адилов ва И. Фазлиддинов гувоҳ тариқасида чақирилди ва ўз кўзлари билан кўрганлари ҳақида сўзлаб беришди.
«Ўша мудҳиш ҳодиса содир бўлган куни бошқа ресторанда туғилган кунимни нишонлагандик. У ерда бошқа дўстларимиз ҳам бўлган. Кейин зиёфатни давом эттириш учун «Aurum-898»га боргандик. Ўшанда Жамшид мендан сал олдинроқда эди.
Биз келганимиздан сўнг, тезда можаро бошланиб кетди. Жамшидни итариб юборишди. Биз ажратмоқчи бўлдик. «Бўлди, ўзингни бос» дегандим, Шодали пичоқ чиқариб қолди. Жамшид қўриқчилар тарафга қараб югуриб кетди. Ур-тўполон бўлиб кетди. Стуллар учди. Ажратмоқчи бўлганимда, менга ҳам мушт тушди. Жамшидни олиб кетмоқчи бўлганимизда олишимизга қўйишмади, ўраб олишган эди. Роса уришаётган эди. Мен ҳаммасини кўрдим. Шодали унинг устига чиқиб олиб пичоқ билан ураётган эди. Кейин ҳам Жамшидни беришмади. «Бўпти, оғайнимни олиб кетай» дедим, лекин беришмади. Менга ҳам пичоқ уришган эди. Иккита жойимдан яралангандим», дейди Жамшид Кенжаевнинг дўсти бўлган Ш. Турсунов.














