Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда ташкил этилган янги агентликка раҳбар тайинланди. У бир йилда уч марта иш жойини ўзгартирмоқда
Фото: KUN.UZ
Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров янги ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан ташкил этилган янги агентликнинг асосий вазифаси –мамлакатда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш.
Агентлик ўз ваколатларини мустақил равишда ва барча давлат органлари, ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил ҳолда олиб боради ҳамда ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига бўйсунади ва ҳисобот беради.
Ўзбекистон ҳукуматида Отабек Назиров Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари сифатида фаолиятини 2018 йилнинг май ойидан бошлаганди. У Инновацион ривожланиш вазирлигида монетар сиёсат, банк тизими, бюджет сиёсати, солиқ тизими, ижтимоий хизматлар, пенсия таъминоти, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш, шунингдек демография ва аҳоли бандлигини тадқиқ этиш бўйича инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш масалалари билан шуғулланди.
Кейинчалик, Инновацион ривожланиш вазирлигида бирга ишлаган ҳамкасби, собиқ вазир ўринбосари (айни пайтда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов) билан тандем ҳосил қилган ҳолда Халқ таълими вазирлигига ўтказилганди.
Маълумот учун, Отабек Анварович Назиров 1975 йили Тошкентда туғилган. АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Стоуни-Брук Давлат Университетида макроиқтисодиётчи мутахассислигини эгаллаган. У турли йиллари АҚШнинг GOLDMAN SACHS GROUP, Москвадаги ТРОЙКА ДИАЛОГ ва БАНК МДМ, Вашингтондаги THE AVACENT GROUP ҳамда Нью-Йоркдаги JP MORGAN CHASE компанияларида ҳам фаолият юритган.
Мавзуга оид
13:23 / 13.01.2026
Қозоғистон капитали иштирокидаги корхоналар: энг катта улуш савдода
13:45 / 24.12.2025
Туркия капитали иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми Тошкент ҳиссасига тўғри келди
09:08 / 23.12.2025
Ўзбекистон капитал бозорида замонавий молиявий инструментлар жорий этилади
10:30 / 09.12.2025