Инсон ҳаёти давомида турли касалликларга чалиниши табиий ҳол. Бемор бўлмаган, шифокор ва табиб ёнига бормаган кимсанинг ўзи йўқ бўлса керак. Одам туғилиши билан кўз очиб кўрган биринчи одамлари ҳам - онаси ва шифокор бўлади. Бирор жойи оғриган кишига дунё тор бўлиб югурганича шошган жойи эса - шифохона. 

Тиббиётчилар боғча, мактаб чоғимиздан бизни соғлом бўлишимизни назорат қилиб борадилар. Улғайган сари уларнинг бизга яқин дўст эканлигини англаймиз. Ҳеч кимга айтмаган сиримиздан ҳам улар воқиф.

Тўғриси, жамиятнинг зиёлилар синфига мансуб, фаолияти инсонларга яхшилик қилишдан иборат бўлган тиббиёт ходимининг аҳоли томонидан уриб калтаклангани ҳақида ёзишнинг ўзи қийин...

Андижонда воқеа қандай содир бўлди?

Андижондаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиали вилоятдаги энг нуфузли муассасалардан бири ҳисобланди. Филиалда ўз касбининг устаси бўлган юқори савияли мутахассислар фаолият олиб борадилар.

Видео: Tas-IX


              Видео: Youtube      

Шифохона ва ИИБ ходимлари маълумотларига таянган ҳолда рўй берган салбий воқеа тафсилотларига тўхталамиз:

25 январь куни ярим кечаси салонида уч киши бўлган “Кобалт” автомашинаси Андижоннинг Хортум қишлоғи атрофида ҳайдовчи Д.Т. маст эканлиги сабаб йўл транспорт ҳодисаси содир этади. Автомашина бошқарувида унинг эгаси эмас, балки дўсти бўлган. Симёғочга урилиб дабдала бўлган “Кобалт”нинг салонидаги уч кишидан бири кучли яна бири енгил тан жароҳати олган эди.

Улардан иккитаси республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали қабулхонасига тунги соат 1:18да кириб келишади. Мурожаат этувчиларни муассаса навбатчи шифокорлари шошилинч кўрикдан ўтказганларида улардан бирининг сон суяги синганлиги аниқланади.