Ўзбекистон | 16:54 / 01.02.2019
9704
4 дақиқада ўқилади

Фан олимпиадаси: шаффофлик, холислик, ҳаққонийлик амалдами?

Фото: Fotolia

Ҳар йили анъанавий тарзда ўқувчиларнинг билимини баҳолаш мақсадида ўтказиб келинадиган фан олимпиадасида адолатга амал қилиш борасида зиддиятли фикрлар ўртага ташланади. Ma’rifat нашри бу йилги фан олимпиадаси туман/шаҳар босқичининг қай даражада ўтганлиги борасидаги ўз Telegram-тармоғидаги муштарийлар мулоҳазаларини эълон қилди.

Ўқитувчи: — Ҳар йили фан олимпиадасидаги ўйинлар ҳақидаги шубҳали гапларга унча ишонмасдим. Бу йил туман босқичида ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлдим. Ўқувчиларнинг тестларини текшираётиб ҳайратда қолдим. Барчанинг жавоби бир хил ечилган — бехато бажарилганди. Иншо мавзулари ҳам аввалдан тайёрлаб келинган. Демак, тест саволларини олдиндан олиб, кимлардир ечган. Иншо мавзулари ҳақида ҳам шундай хулосага келиш мумкин.

Хайрулло Абдураҳмонов: — Тузуккина лавозимда ишлаётган бир танишимнинг фарзанди Сергели туманидаги мактабда таҳсил олади. Ўтган йилларда билимлар беллашувининг туман босқичига чиққан эди. Аммо туман миқёсидаги беллашув шахмат бўйича республика чемпионати билан бир кунга тўғри келди. Танишимнинг қизи шахмат мусобақасини танлаб, билимлар беллашувига бормасликка қарор қилди. Буни қарангки, бир кун ўтиб маълум бўлишича, у билимлар беллашувида 2-ўринни олганмиш. Уни ғолиб қилиш учун, албатта, ўқитувчи жонбозлик кўрсатган.

Симона: — Бизда ҳакамлардан ҳамма норози. Ўз ўқувчиларига тест варақаси жавобидаги фақат «С»​ ҳарфини белгилашни уқтирган. Улар ўз ўқувчисининг тестини текширганда «С»​ ҳарфини тўғри жавобга ўзгартираракан. Ҳақиқатан ҳам, «С»​ни А, B, D, Е шаклига ўзгартирса бўлади-да. Устамонликни қаранг!

Бобожонова: — Менинг ўқувчим ҳам ўтган йили ҳакамларнинг саводсизлиги сабабли ўрин ололмади. Тўғри ёзилган сўз хато ҳисобланиб, паст балл қўйилган. Ўқувчимнинг иши апелляция тартибида қайта кўриб чиқилди. Хатоларни ҳакамларнинг бўйнига қўйдик. Балл қўшиб берамиз, дейишди, лекин қўшишмади.

Фотима Каримова: — Олимпиада ҳаққоний бўлиши учун ҳайъат аъзоларини бошқа тумандан танлаш керак. Шунда билимли ўқувчи кейинги босқичга ҳеч қандай қаршиликсиз ўтиши мумкин.

Бухоролик ўқитувчи: — Олимпиададаги ноҳақликлар Ғиждувон туманида бу йил авжига чиқди. Ҳамма ҳакамлар ўз ўқувчисига ён босди. Масалан, 1-ўринга лойиқ топилган иншони ўқимай туриб, 40 баллдан 37 балл қўйганига ўзимиз гувоҳ бўлдик. Лекин туман халқ таълими бўлими мудири бу ишни қилманг, деб мактаб раҳбарларидан илтимос қилган. Бу каби ҳолатлар қачонгача давом этади? Юқорига арз қиламиз, десак, раҳбарият мактаб директорларини қўрқитади.

Абдулқодир М.А: — Бағдод туманида фан олимпиадаси ҳар йилгидек адолатсиз тарзда олиб борилди. Тест саволларидаги хатолар нақадар беэътибор тузилганини кўрсатиб турибди. Хоналар ҳам жуда совуқ эди. Қизиғи, имтиҳон бошлангач, тест саволларини кўпайтириш учун нусха олишди.

Юлдузой: — Баъзилар олимпиадага катта масъулият билан ёндашса, айримларнинг масъулиятсизлиги очиқ-ойдин кўриниб қолмоқда. Олимпиадада мактаб ўқитувчиси ўз ўқувчисининг ишини баҳолашига нима дейиш мумкин? Олимпиада онлайн ўтса ёки ОТМдаги имтиҳонлар каби ДТМ масъул бўлса, шаффофлик, холислик, адолат таъминланади.​

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид