09:47 / 02.02.2019
21251

Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича қатъий позицияси маълум қилинди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация Афғонистон бўйича халқаро алоқа гуруҳининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

ТИВ хабарига кўра, халқаро алоқалар гуруҳи 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг мақсади Афғонистондаги инқирознинг ҳозирги ҳолати ва ҳал этиш истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, Афғонистондаги мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка эришиш ҳисобланади.

Ушбу тадбирда 60дан зиёд мамлакат, жумладан АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Буюк Британия, Франция, Туркия, МДҲ давлатлари, БМТ, Европа Иттифоқи, НАТО, Осиё тараққиёт банки, Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон делегацияси раҳбарининг нутқида тинч сиёсий жараёнларга кўмаклашиш, шунингдек қўшни Афғонистон миллий иқтисодиётини тиклашда амалий ёрдам бериш ва Афғонистон томони билан кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир иштирокчиларга фақат афғонлар ва Афғонистон халқи раҳбарлигида мамлакатни тинч йўл билан қайта тиклаш жараёнини амалга ошириш кераклиги тўғрисидаги Ўзбекистоннинг қатъий позицияси маълум қилинди.

Мажлисда иштирок этиш доирасида Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Элис Уэллс, Германия ҳукуматининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Маркус Потсел, Буюк Британиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Лесли Крейг ва Франция ТИВнинг Жанубий Осиё департаменти директори Камил Пети билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказди.

Учрашувлар давомида Афғонистондаги вазиятни тезда барқарорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва қўшма ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Top