Ўзбекистон | 18:33 / 04.02.2019
77694
4 дақиқада ўқилади

Жамшид Кенжаев иши бўйича суд. Тиббиёт ходимлари тингланди

Жорий йилнинг 21 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Жамшид Кенжаев иши бўйича суд жараёни бошланганди. Суд мажлисининг дастлабки кунида судланувчилар сўроқ қилинган, кейинги мажлисда гувоҳлар тингланганди.

Бугун, 4 февраль куни ушбу иш юзасидан давом этаётган суд жараёнининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Kun.uz мухбири хабар беришича, суд мажлисида воқеа жараёнида давлат суд эксперти Шухрат Ражабов ва клиник ординатор, тез ёрдам шифокори Рўзиқул Шербўтаев гувоҳ сифатида тингланган. 

Шухрат Ражабов

«9 август куни Миробод туман катта терговчиси Умаров томонидан чиқарилган қарор асосида Кенжаевнинг мурдасида текширув ўтказганман. Текширувга кўра, ташқи томондан Кенжаевнинг танасида узунлиги 1 см, кўкрак қафаси олд юзаси қўлтиқ ости қовурғаси остида танага нисбатан кўндаланг йўналган санчиб кесилган яра бор эди. Иккинчи яра кўкрак қафаси олд юзаси ўнг томонда қўлтиқ ости олд чизиғи бўйлаб 10-қовурға остида танага нисбатан кўндаланг жойлашган ўлчамлари 4,5га 1 сантиметрлик жароҳат чоклари тикилган. Бошқа яралар думба соҳасида чуқурлиги 4-5 сантиметрни ташкил этган. Бошнинг ўнг чакка, тепа, энса соҳаларида жами 6та яра мавжуд бўлган. Чап қўл, тирноқ, бармоқ ички ва ташқи қисмида аналогик яралар мавжуд. Қовоқ соҳасида ва ўнг елка бўғинида қонталашлар қайд этилган. 

Рўзиқул Шербўтаев

Ўлимга сабабчи бўлган жароҳат - қорин деворини тешиб ўтиб жигар, ичаклар ва пастки вена шикастланишига сабаб бўлган санчиб кесилган яраси сабаб гемалогик шок, ички ва ташқи қон кетишларидан юз берган. 

Кенжаевнинг қонида алкоголь аниқланган. Унинг даражаси тирик одамларда ўрта даражадаги мастлик ҳолатига тўғри келади. Бу даражада одам ўзини бошқара олади. Ҳолатни янада аниқлаштириш учун комиссиявий таркибда экпертиза мақсадга мувофиқ», деган мутахассис.

Шундан сўнг, суд экспертига суд мажлисида саволлар бериб ўтилган. Марҳум қийналиб ўлган ёки ўлмагани борасидаги фикри сўралганида, «қийналиб ўлган» дея жавоб берди.

«Шаҳар тез-тиббий ёрдам бўлимида кўчма бригада шифокори бўлиб ишлаганман. Бизга соат 00:48 ларда сигнал бўлганидан сўнг воқеа жойига етиб бордик. Тахминан 8-9 дақиқада бордик. Борганимизда ўрта ёшли шахс чалқанча ётган, қонга беланган, жароҳатлар олган ҳолатда аниқланди. Биринчи ёрдам кўрсатишга киришдик. Керакли муолажалар қилинди. Ёнимда фелдьшерим бор эди. Яқин ҳудуддаги 7-шаҳар клиник шифохонаси хирургия бўлимига зудлик билан олинди. 

Борганимизда беморнинг бошига ёстиқ қўйилган эди. Қон кетиш аломатлари кузатилди. Бемор ҳушсиз, аҳволи оғир эди. Қон босими жуда паст чиқди. Қон босимини кўтарувчи ва қон тўхтатувчи воситалардан фойдаландик. Йўлда бемор жудаям қаттиқ оғриқ борлиги ҳақида айтди. 

Жароҳатлар сони кўплигини ҳисоб олиб, тезроқ олиб боришни ўйладик. Беморнинг бошига қўйилган ёстиқ қонга беланди.

Ҳаётий муҳим кўрсаткичларнинг ёмон тарафга ўзгарганини кўриш мумкин эди. Беморни шифохонага етказиб бордик. Бу мўъжиза эди», дея таъкидлаб ўтди биринчи ёрдам кўрсатган шифокор.

Бугунги суд мажлиси сўнгида жабрланувчи, беморнинг турмуш ўртоғи судга илтимоснома киритди. Унга кўра, иш ҳужжатларига марҳумнинг ўлими билан якунланган пичоқбозлик жараёни акс этган видеоёзувни қўшиш сўралганди. Шунингдек, жабрланувчи томон айбланувчилар сифатида 4 киши эмас, 11 кишини кўришни истаётганини, марҳум бир фарзанди ва отасининг боқувчиси бўлганини инобатга олиб, маънавий ва моддий зарарни қоплаш сўралган. 

Суд жабрланувчининг илтимосномасини қисман қаноатлантирди. Видеотасвир туширилган диск иш ҳужжатларига қўшиб кўриб чиқилиши айтилди. Зарарни қоплаш масаласи суд ҳукмига биноан амалга оширилиши тушунтирилди.

Мавзуга оид